Меҳнат дафтарчаси ўз вақтида қайтарилмаса...
Навоий шаҳрида яшовчи Шоҳруҳ Ёдгоров Кармана туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига диспетчер бўлиб ишга кирганидан жуда хурсанд бўлганди. Афсуски, унинг қувончи узоққа чўзилмади.
Унга нисбатан мутасаддиларнинг “ишсизларни ишга жойлаштирдик” қабилида иш тутилганидан жуда оғринди. Чунки ишсиз инсоннинг ўзига ва қобилиятига бўлган умиди сўнади. У ҳатто 3 ой ҳам ишламади.
Ш.Ёдгоров 2021 йилнинг 9 декабридан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими 8-ҳарбийлаштирилган ёнғин қутқарув қисмига навбатчи диспетчер вазифасига ишга кирган ва 2022 йилнинг 1 мартидан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бироқ негадир ташкилот фуқаро Шоҳруҳ Ёдгоровга меҳнат дафтарчасини қайтариб бермайди. Мурожаати ҳам бефойда. 6 ой деганда қўлига меҳнат дафтарчасини олди. Шунда фуқаро меҳнат муносабатларидаги адолатсизликка чек қўйиш учун Навоий шаҳар адлия бўлимидан ҳуқуқий ёрдам сўради.
Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаро манфаатига жавобгар Навоий вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди.
Суд эса фуқарога 6 ой давомида меҳнат дафтарчасини бермагани Кармана тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимидан мажбурий прогул туфайли даъвогар фойдасига 10 миллион 868 минг сўм миқдорида компенсация пуллари ва 1 миллион сўм маънавий зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарди.
Суд ишида Навоий вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг меҳнат муносабатларига масъул ходимлари иштирок этмади. Бироқ фуқаро ҳақиқат қарор топганидан мамнун.
Агар сизнинг меҳнат дафтарчангиз иш жойингиздан қайтариб берилмаса, олишнинг қонуний йўли бор. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини бериши шартлиги кўрсатилган. Йўқса, мазкур кодекснинг 275-моддаси билан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлайди. Худди Кармана туман фавқулодда вазиятлар бўлими сингари...
Ширинбек Очилов
Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси.
ЎзА