Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган “яшил” сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Меҳмонхона хўжалиги соҳасида халқаро эътироф этилган “яшил” сертификатларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагиларни назарда тутувчи Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган “яшил” сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди:
меҳмонхоналарга қўйиладиган талаблар;
харажатларнинг 50 фоизини қоплаш учун ариза бериш тартиби ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатлар;
аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;
ажратиладиган маблағларни тадбиркорлик субъектларга ўтказиш тартиби.
Мазкур қарор доирасида меҳмонхоналар томонидан халқаро эътироф этилган “яшил” сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми Туризм қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан унинг маблағларидан фойдаланишнинг белгиланган тартибига мувофиқ қопланади.
Қарорга кўра, мазкур қарор кучга кирган кундан бошлаб бир ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматини Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш таъминланади.
Ушбу Маъмурий регламент меҳмонхоналар томонидан халқаро эътироф этилган “яшил” сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш тартибини белгилайди.
Харажатлар Давлат хизматлари маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан қопланади.
ЎзА