Меҳмонхоналар халқаро “яшил” сертификат харажатларини 50 фоизини онлайн ариза орқали қайтариб олиши мумкин
Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, халқаро эътироф этилган “яшил” сертификатга эга меҳмонхоналар сертификатлаштириш учун сарфлаган харажатларининг 50 фоизини давлатдан қайтариб олиши мумкин.
Бунинг учун my.gov.uz порталида Меҳмонхоналарда халқаро эътироф этилган "яшил" сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш хизмати йўлга қўйилган.
Ушбу имконият Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 июндаги тегишли қарори билан белгиланган бўлиб, меҳмонхоналарда экологик барқарорликни таъминлаш ва “яшил” туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Хизматдан халқаро “яшил” сертификатга эга бўлган ва қуйидаги талабларга жавоб берадиган меҳмонхоналар фойдаланиши мумкин:
– солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаган;
– қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаган;
– фаолияти вақтинча тўхтатилмаган;
– суд қарори билан тўловга қобилиятсиз (банкрот) деб топилмаган.
Аризалар my.gov.uz портали орқали онлайн ёки Давлат хизматлари марказларига бориб топширилади. Портал орқали ариза юборилганда электрон рақамли имзо (ЭРИ) талаб этилмайди.
Аризага “яшил” сертификат нусхаси ва сертификатлаштириш органи билан тузилган шартнома ва тўлов ҳужжатлари илова қилинади. Ваколатли орган аризани белгиланган муддатларда кўриб чиқади. Ижобий қарор қабул қилингач, сарфланган маблағнинг 50 фоизи бевосита аризачининг ҳисоб рақамига ўтказилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА