7,7 миллион сайёҳ ва 3,9 миллиард доллар экспорт: Ўзбекистонда туризм жадал ривожланмоқда
Давлатимиз раҳбари бошчилигида туризм ва инвестиция соҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, ҳар бир ҳудудда алоҳида дастурлар қабул қилиниб, туризм ҳудудлари эркин иқтисодий зоналарга айлантирилмоқда. Натижада туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланди, туризм экспорти ва хорижий сайёҳлар сони кескин ошди.
Туризм қўмитаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, ўтган 2023 йилда мамлакатга 6,6 миллион, 2024 йилда 10 миллиондан ортиқ, 2025 йил якунларига кўра эса 11,7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрган.
Туристик оқимнинг ўсиши халқаро авиақатновлар тармоғининг кенгайиши билан бирга кечмоқда. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон аэропортлари 8,15 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга кўп. Ушбу даврда жами 64 минг 831 та рейс (+8 фоиз) амалга оширилиб, шундан 47 минг 371 таси халқаро рейслар (+12 фоиз)ни ташкил этди. Халқаро рейслардан 6,7 миллион нафар йўловчи фойдаланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 15,4 фоизга ошган. Аэропортларда қайта ишланган юк ва почта ҳажми ҳам 33 фоизга ошиб, 51,5 минг тоннага етди.
Тўғридан-тўғри авиақатновлар географияси ҳам кенгаймоқда. 2026 йилда Тошкентга бир қатор янги халқаро йўналишлар йўлга қўйилди. Ҳудудий аэропортларда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда: Термизда йўловчи оқими 52 фоизга, Урганчда 24 фоизга, Нукусда эса 23 фоизга ошди.
Туристик оқимнинг ўсиши жойлаштириш воситалари инфратузилмасининг ривожланиши билан ҳам ҳамоҳанг кечмоқда. 2026 йилнинг январь–июль ойларида мамлакатда 22 минг 296 ўринли 705 та янги жойлаштириш воситаси ташкил этилди. Натижада уларнинг умумий сони 7 минг 440 тага, жойлар сони эса 202,6 минг тага етди.
Туризм ривожининг иқтисодий самараси туристик хизматлардан олинаётган даромадларнинг ўсишида ҳам намоён бўлмоқда. 2026 йилнинг январь–июль ойларида туристик хизматлар экспорти ҳажми 3 895,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 56 фоизга ошди. Халқаро йўналишлар тармоғи кенгайди. Жумладан, “Etihad Airways” авиакомпаниясининг Абу-Даби ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлари йўлга қўйилди. Илк рейс 2026 йил 10 август куни амалга оширилди.
Халқаро авиақатновлар тармоғининг кенгайиши, жойлаштириш инфратузилмасининг ривожланиши ва инвестицияларни жалб этиш хорижий туризм оқимини янада ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратмоқда. Соҳанинг устувор йўналишлари қаторида мамлакатнинг транспорт жиҳатдан қулайлигини ошириш, янги туристик маҳсулотларни ривожлантириш, хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳим ўрин тутади.
Ушбу кўрсаткичларнинг умумий ижобий динамикаси туризмнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини ҳамда соҳани янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини тасдиқлайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА