Меҳр-мурувватдан кўнгиллар шод
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Жиззах вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти вилоят бўлими, “Нуроний”, “Маҳалла”, “Соғлом авлод учун” жамғармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда турмуш шароити оғир ва имконияти чекланган 110 нафар кишига озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламаси ҳамда реабилитация жиҳозлари топширилди.
Маълумки, жорий йил 30 ноябрдан 30 декабрга қадар мамлакатимизда “Меҳр-мурувват ойлиги”, деб эълон қилинди. Ойлик доирасида вилоятда ногиронлиги бўлган шахсларни бепул тиббий, лаборатор-функционал диагностикадан ўтказиш, даволаш, жарроҳлик амалиётлари, соғломлаштириш тадбирлари ўтказилади. Имконияти чекланган шахслар фаолият юритаётган корхона, мурувват уйлари, таълим муассасаларида улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилади. Турли маданият масканларида улар учун кўнгилочар дастурлар намойиш этилиши режалаштирилган.
– Ўғлим Ёрқин 23 ёшда, – дейди Муҳаббат Пардаева. – Имконияти чекланган. Яқинда ички ишлар бошқармаси ходимлари хонадонма-хонадон юриб, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш чоғида ўғлимнинг ногиронлик аравачасига эҳтиёжи борлигини инобатга олишган экан. Бугунги тадбирда бизга махсус аравача топширишди. Уларнинг мадади кўнглимизни тоғдек кўтарди.
