Меҳнат қилган кам бўлмайди...
Томорқа – хазина. Томорқанинг турган-битгани бойлик. Сиздан талаб қилинадигани бироз ҳафсала ва меҳнат.
Президент топшириғи – амалда
Томорқа – хазина. Томорқанинг турган-битгани бойлик. Сиздан талаб қилинадигани бироз ҳафсала ва меҳнат.
Қашқадарё вилояти прокурори раҳбарлигидаги 2-секторга қарашли Нишон туманида бу имкониятлардан унумли фойдаланиш, томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган омилкор инсонлар тажрибасини оммалаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Масалан, шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ бугун Талимаржон шаҳарчаси тобора обод ва файзиёб гўшага айланаётир. Авваллари қаровсиз ётган ерлар ўрнида полиз ва сабзавот пайкаллари, боғу роғлар бунёд бўлмоқда. Шаҳарча атрофидаги бир пайтлар гиёҳ ҳам унмайди деб ҳисобланадиган 100 гектардан ортиқ ерда бугун эртапишар қовун-тарвуз парваришланмоқда. Деҳқонларнинг айтишича, плёнка остидаги бу кўчатлар ҳадемай ҳосил беради. Июнь ойининг ўрталарида бозорга тилими тилни ёргудек қовун-тарвуз чиқарилади. Шу жойнинг ўзидан 2 минг тоннадан зиёд маҳсулот етишириш кўзда тутилмоқда.
Талимаржонда яқинда “Биоланд хоф агроэкспорт” қишлоқ хўжалик кооперативи томонидан интенсив боғ барпо қилинди.
– Кооперативнинг афзаллиги шундаки, у 100 нафардан ортиқ ишсизлар ва кам даромадли оилалар аъзолари улушдорлигида тузилган, – дейди кооператив раиси Ғайрат Панжиев. – Яъни уларнинг ҳар бири учун Бандлик жамғармасидан кооперативга энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидия ажратилган. Натижада ишли бўлган бу фуқаролар бир пайтлар чиқиндихонага айланган 15 гектар ерга бугун 21 минг 500 дона пакана дарахт кўчатларини ўтқазди. Ўрикнинг субҳоний, қилич, оқ нуқул, шафтолининг нектарин, нокнинг ўрмон гўзали, кармен, олманинг бойко, крэмсон ва голден навли кўчатлари қадалди. Улар ҳосилга кирса, мевалардан ва дарахтлар орасига экилган экинлардан келадиган даромад ишчиларнинг рўзғори бут бўлишига хизмат қилади.
Шаҳарча атрофида қад ростлаган юздан ортиқ ихчамгина, енгил конструкцияли иссиқхоналар ҳадемай бу ерда истиқомат қилувчи оилаларнинг даромад манбаига айланади.
Улардан бири Нортожи Исломовлар оиласига тегишли. Оила аъзолари иссиқхонага яхши ният билан помидор ниҳоллари қадашди. Турмуш ўртоғи Зарифа Мирзаеванинг айтишига қараганда, 2 сотих ердан мўмайгина фойда олишни кўзлаб туришибди.
Туманда томорқасини гуллатиб қўйган, бунинг ортидан даромад топиб, фаровон яшаётган кишилар кўплаб топилади. Уларнинг хонадонига кирсангиз, бу ерларга баҳор анча эрта келганга ўхшаб туюлади. Атрофдаги яшилликдан баҳри дилингиз очилади.
Масалан, туман марказидаги Навбаҳор маҳалласида яшовчи фахрий ўқитувчи Зоя момо Атакулова хонадонида ўсаётган анжирлар барг чиқармасидан бурун ҳосил солганга менгзайди. Чунки барглари эндигина муғжа урмоқдаю ҳосили данакдек келиб қолган. Пакана нок дарахтининг оппоқ гуллари кўнгилга ҳузур бағишлайди
– 1,5 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, помидор, бодринг, булғор қалампири каби экинларни экканмиз, – дейди Зоя момонинг ўғли Худойберди Атакулов. – Улар ҳам, ташқарида экилган эртаки картошка ҳам томчилатиб суғорилади. Билсангиз, экинларга энг аввало меҳр керак. Шунда баравж ривожланади. Иссиқхонада сокин мусиқалар оғушида меҳнат қиламан. Бу ғайратимга ғайрат қўшишдан ташқари, экинлар ривожи учун ҳам кони фойда.
Қора шаҳзода, фикус, хитой атиргули, канар палмаси, алоэ, геран...
Зоя момонинг ён қўшниси Мурод Иватов хонадонида шу каби ўнлаб турдаги бири биридан гўзал ва жозибадор гуллар етиштирилмоқда. Унинг мўъжазгина гулхонасида бир донаси бозорда 100-150 минг сўмдан сотиладиган ноёб гуллардан сероб. Турмуш ўртоғи Ҳалима Шерхонова билан мана беш йилдирки гул етиштиришади. Ҳар йили минглаб гул ва гул қаламчаларини парваришлаб, сотувга чиқаришади. Даромад ҳам шунга яраша.
Маҳалладаги Баҳодир Худойназаров хонадони эса мўъжазгина мажмуани эслатади. Хонадонда паррандачилик йўлга қўйилган. Етти хазинанинг бири дея эътироф этиладиган 100 бош товуқдан бир кунда йўқ деганда 50-60 та тухум бор. Қолаверса, хонадондаги инкубаторга бир мартада 1500 тагача тухум қўйилади. Жўжалар 19-21 кунда очиб чиқади. Хонадон соҳиби жўжаларнинг бир қисмини парваришлаш учун олиб қолиб, қолганини пуллайди. Қолаверса, уч ойча илгари харид қилган бир дона қуёни бугун 25 тага етибди. Икки бош қўйнинг ёнига 6 ойда яна беш бош қўшилибди.
– Бугун меҳнат қилган кам бўлмайди, – дейди Б.Ҳудойназаров. – Паррандачилик билан шуғулланиш баробарида томорқамизни ҳам бўш қўйганимиз йўқ. Турмуш ўртоғим у ерда кўчатчилик билан шуғулланади. Ҳар йили эрта баҳорда помидор, қалампир, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини етиштириб сотамиз. Буларнинг ҳаммаси рўзғорга барака бўлиб инади.
Тумандаги Жануб машъали маҳалласида ҳам, халқимиз таъбири билан айтганда, яхшилик яхшиликдан унган. Яъни бир қўшни иккинчисидан ибрат олиб, томорқасидан унумли фойдаланмоқда. Алишер Тўйчиев иссиқхонасида помидор, бодринг, папайя, банан етиштирмоқда ва яхшигина фойда олаяпти. Орзу-ҳавасли қўшнилар ҳам унга эргашиб, кам бўлмаяпти. Ҳамсояси Рўзибой Тошев уч, унинг ўғли Ўткир Панжиев эса олти сотих ерда иссиқхона қуриб, помидор етиштиришмоқда. Ҳадемай, пишиб етилиб, бозорга чиқарилади. Яна бир қўшниси – Улуғбек Жўраев эса яқинда кўчиб келиб, 6 сотих ернинг ҳаммасига олма, бодом, хурмо, нок кўчатларини қадади. 20 га яқин токи бор. Хонадон соҳиби миттигина боғ барпо қилиш ниятида. Орасига рўзғор учун помидор ва булғор қалампири эккан.
Нишонда бу каби илғор томорқачиларнинг ишлари вилоят ва туман прокуратураси ходимлари томонидан кенг тарғиб қилинмоқда. Аҳолига карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши лозимлиги тушунтирилмоқда. Шундай қилинса, бугунги синовли кунларда ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда мўл ҳосил етиштириш, бу орқали пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини бир қадар юмшатиш мумкин бўлади.
Бугун нишонликлар ихтиёридаги томорқалар ҳажми жами 2 минг 536 гектарни ташкил этади. Бу бир йилда 41 минг 300 тоннага яқин маҳсулот етиштириш имконини беради. Бундан ташқари, туманнинг мева-сабзавоту полиз маҳсулотлари етиштирадиган бошқа деҳқонлари, фермерлари, кооператив аъзолари ҳам енг шимариб ишга киришишган. Бунча маҳсулот нафақат туман, балки қўшни ҳудудлар бозорларини ҳам бемалол йил бўйи тўлдириб туради ва режага кўра бир қисми экспортга йўналтирилади. Нишонлик деҳқонларнинг нишони, мақсад-муддаоси шу.