МДҲ маконида хавфсизликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги делегация Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Тадбир доирасида делегация раҳбарларини Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон қабул қилди.
Учрашувда халқаро майдонда терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, киберхавфсизлик, ноқонуний миграция ва туристлар хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида ҳамкорлик механизмларининг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тожикистон давлат раҳбари МДҲ давлатларининг ўзаро иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлиги, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги алоқалари такомиллашиб, юқори даражага кўтарилаётганидан мамнунлик билдириб, бу масалада минтақавий ҳамжиҳатлик ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни кучайтириш зарурлигини қайд этди.
Ички ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Республикаси билан биргаликда халқаро ҳамкорлар Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ички ишлар вазирликлари раҳбарлари, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашни мувофиқлаштириш Бюроси, Ҳамдўстлик мамлакатларининг Ижроия қўмитаси ва Аксилтеррор маркази масъуллари қатнашди.
Томонлар МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор масалаларини, шунингдек, МДҲ мамлакатлари ички ишлар вазирликлари кенгаши доирасида қабул қилинган 2029 - 2033 йилларда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирлар бўйича Давлатлараро дастурини амалга оширишга доир масалаларни муҳокама қилди.

Тадбир жараёнида бир қатор масалалар юзасидан тегишли ҳужжатлар имзоланди. Уларда минтақа ички ишлар органларининг ахборотларни электрон алмашиш соҳасидаги ҳамкорлиги, жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида геном маълумотларини алмашиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатларни такомиллаштириш, шахсларни давлатлараро қидирувни амалга оширишдаги ҳамкорлигини ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятлар билан курашиш борасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қамраб олинган.
Ўзбекистон томонидан киритилган муҳим ташаббус “Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ички ишлар вазирликларининг кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлинмалари раҳбарлари йиғилишларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор кенгаш аъзолари томонидан бир овозда маъқулланиб, имзоланди.
Мазкур ташаббус замонавий кибержиноятчиликнинг трансчегаравий хусусиятидан келиб чиқиб, бюрократик жараёнларни қисқартирган ҳолда тезкор бўғин раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган.

Мунтазам учрашувлар илғор тажриба алмашиш, ахборот технологиялари соҳасидаги таҳдидларни таҳлил қилиш ва виртуал маконда трансмиллий жиноятчиликка қарши самарали чораларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган тадбирда томонлар келгусидаги алоқаларни институционал даражада ривожлантириш, амалий натижаларга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА