Майлисой дарёсида сел ва тошқиндан эрта огоҳлантириш тизими жорий этилади
Андижон вилояти баҳор ва ёз ойларида сел ва сув тошқинлари хавфи юқори бўлган ҳудудлар сирасига киради. Айниқса, Қирғизистон ҳудудидан оқиб келувчи Майлисой дарёсида сув сарфининг кутилмаганда кўпайиши Пахтаобод ва Избоскан туманларининг ушбу дарё қирғоғида яшаётган аҳолиси учун хавф туғдиради.
Ана шундан келиб чиқиб, Майлисойда аҳолини сел ва тошқин хавфидан олдиндан огоҳлантирадиган замонавий тизим ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Бу борадаги ишлар Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ва Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) дастурлари доирасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўзгидромет, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида олиб борилади. Дастур Корея Республикаси томонидан молиялаштирилади.
– Ушбу дастурни амалга ошириш учун Ўзгидромет томонидан Фарғона ва Андижон вилоятларидаги бешта ҳудуд таклиф этилган эди, – дейди “Майлисув дарёси йўлагида тошқин ва сел хавфини баҳолаш” лойиҳаси дала координатори Зафарбек Умрзоқов. – Мутахассислар томонидан Майлисой тизими асосий объект сифатида танлаб олинганлиги бежиз эмас, албатта.
Агар яқин ўтмишга назар ташласак, Майлисойда 1958-1959 йилларда селлар, 1998, 2010 ва 2012 йилларда тошқинлар қайд этилган. Селлар ва тошқинлар оқибатида аҳоли хонадонларига, қишлоқ хўжалиги майдонларига, ҳудуд инфратузилмасига маълум даражада зарар етган. Бундан ташқари, дарёнинг аҳолига хавф даражаси, селдан огоҳлантирувчи ускунани ўрнатиш қулайлиги, алоқа ва электр таъминоти каби мезонлар бўйича ўрганишлар хулосаларига кўра, айнан Майлисой энг мақбул тизим деб топилди.


Тизимни жорий этишдан олдин ҳудуддаги хавф ва аҳолининг ана шу хавф, яъни сел ва сув тошқинларига қай даражада тайёр эканлиги, бу борадаги муаммоларни чуқур ўрганиш талаб этилади.
Ана шу мақсадда Халқаро сув хўжалигини бошқариш институти (IWMI) мутахассислари томонидан дастлабки ўрганишлар, мутасадди ташкилотлар билан маслаҳатлашув тадбирлари ўтказилди. Хусусан, жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари институт жамоаси Андижон вилояти ҳокимлиги, Норин-Қорадарё ҳавза бошқармаси, фавқулодда вазиятлар, экология ва гидромет бошқармалари, “Қорадарё–Майлисой” ирригация тизими ҳамда Қўйқулоқ гидроузели раҳбарлари билан учрашди.
Мутахассислар дарё бўйида жойлашган учта – Пахтаобод туманидаги Қўрғонча, Тошқўрғон ва Избоскан туманидаги Узункўча маҳаллалари аҳолиси билан учрашиб, мулоқотлар ўтказди.
Учрашув ва мулоқотларда қарийб 12 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллалар аҳолиси сел хавфи юзасидан ўз ташвишларини очиқ айтди. Фуқароларнинг қайд этишича, шу пайтгача тошқин ҳақида мутасадди ташкилотлар томонидан расмий огоҳлантиришлар берилмаган. Сўнгги йилларда сел бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар уяли телефон “СМС” орқали умумий тарзда берилади. Лекин айнан Майлисойдаги ҳолат бўйича хабар етказадиган тизим мавжуд эмас. Ёки айрим ҳолларда одамлар дарёда сув сатҳининг кўтарилаётганлиги ҳақида Майлисойнинг юқори – Қирғизистон томонидаги танишлар билан телефон орқали хабардор бўлишган.


Ўрганишлардан маълум бўлдики, Узункўча маҳалласида дарё бўйидаги айрим уйларни сувдан фақат тошлар ва дарахтлар ажратиб туради. 2010 ва 2018 йилларда дарё сатҳининг кўтарилиши натижасида ушбу хонадонлар ҳовлисига сув кирган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар ҳудудда сел-тошқин хавфини камайтириш, юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олиш бўйича туман, вилоят ҳокимликлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан зарур чоралар кўрилмоқда, профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, барибир хавфнинг олдини олиш чораларини кучайтириш муҳимдир.
– Майлисой ҳудуд аҳолиси учун муҳим ҳаёт манбаидир, – дейди Пахтаобод тумани Тошқўрғон маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Ғуломжон Ғаниев. – Баҳор ойларида хавф туғдирадиган сув ёзда экинларни суғоради. Сув тўхташи катта муаммо. Чунки аҳолининг, фермер хўжаликларининг экин майдонлари тўла Майлисой сувидан суғорилади.
Мулоқотлар жараёнида аҳоли вакиллари, сув хўжалиги ходимлари томонидан қатор таклифлар ҳам билдирилди. Жумладан, дарёнинг аҳоли хонадонларига яқин қирғоқларига йирик тошлар териш, унинг Ўзбекистон ҳудудидаги қисмини тўлиқ ўрганиб чиқиш ҳамда гидроузел дарвозаларини автоматлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фақат сел ва тошқин ҳақида эрта хабар берувчи ускуна ўрнатишнинг ўзи етарли эмас. Хавф ҳақидаги хабар дарёдаги ўлчов нуқтасидан туман фавқулодда вазиятлар бўлимига, маҳалла фуқаролар йиғини идорасига, ҳар бир хонадонга ўз вақтида етиб бориш бўйича тизимни шакллантириш, шунингдек, маҳалла идораларида огоҳлантириш пунктларини ташкил этиш, ҳар бир маҳалла учун тошқин юзага келганида аҳолининг ҳаракатланиш режасини ишлаб чиқиш, ҳар йили баҳор, яъни тошқин хавфи юқори бўладиган мавсум олдидан амалий машқлар ўтказиш каби қатор таклифлар билдирилди. Ана шу жараёнларда аёллар, кексалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги таъкидланди.


Лойиҳа доирасида сел ва тошқиндан эрта огоҳлантириш тизими таркибига дарёни кеча-кундуз кузатиб турувчи видеокамера ва сув сатҳини ўлчовчи радар сезгичи киритилиши ҳам режалаштирилган.
Лойиҳа ташаббускорлари шу кунларда маҳаллаларда бўлиб, аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказди, одамларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари ўрганилди. Эндиликда аҳоли вакиллари билан биргаликда хавф хариталари тузилади. Йил охирига қадар хавф остидаги уйлар, мактаблар ва йўллар кўрсатилган хариталар, эвакуация йўналишлари ва аҳолини огоҳлантириш тартиби тайёрланиб мутасадди ташкилотларга тақдим этилади.
Умуман, ўрганишлар, олиб борилаётган тайёргарлик жараёнининг натижалари бўйича дастлабки хулосалар шу ой охирида Андижонда ўтказиладиган семинарда тақдим этилиши кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Майлисойда сел ва тошқиндан эрта огоҳлантириш тизими жорий этилиши бўйича тўпланган тажриба келгусида Фарғона водийсидаги бошқа дарё ва сойларда ҳам қўлланилиши мумкин бўлади. Энг асосийси, сел-тошқин хавфи туғилганда аҳоли бундан олдиндан хабардор бўлади ва ўзини ҳимоя қилишга, хавфсизлигини таъминлашга улгура олади. Таъкидлаш жоизки, сел ва тошқин билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш нафақат мутасадди ташкилотларнинг, балки ҳар бир фуқаро, кенг жамоатчиликнинг вазифасидир.
Шундай экан, мазкур жараёндаги ишлар самарадорлигини оширишга, хавфни олдиндан билиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган “Майлисув дарёси йўлагида тошқин ва сел хавфини баҳолаш” лойиҳасини ҳар жиҳатдан олқишлаш ва қўллаб-қувватлаш лозим.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири