Май ойида Самарқандга 357 минг нафар сайёҳ келди
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобилов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида янги туризм йўналишлари ва маҳсулотларини тақдим қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Бугун вилоятимиз учун туризм асосий драйверлардан бири сифатида белгиланган, – деди Р.Қобилов. – Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилган эътибор, берилаётган имтиёз ва имкониятлар туризм ривожига хизмат қилмоқда. Албатта, пандемия бу борадаги ишларга салбий таъсир кўрсатди, лекин бугун вазият барқарорлашиб, бошланган ишлар кенг кўламда давом этмоқда. Бунинг натижасида жорий йилнинг беш ойи давомида вилоятимизда 14 та меҳмонхона, 28 та меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Туроператорлар сони 10 нафарга ошди. Май ойи бошидан буён вилоятимизга 357 минг нафар, жумладан, 27 минг нафар хорижий ва 330 минг нафар маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи кузатилди. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан жами сайёҳлар сони бўйича 159 фоизга ортиқни ташкил этмоқда. Энг муҳими, сайёҳларнинг ҳудудда қолиш кунлари 2,6 кунга, кунлик харажатлари эса 120 АҚШ долларидан 152 долларга кўпайди.
[gallery-7301]
Матбуот анжуманида вилоятда туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, жумладан экотуризм, этнотуризм йўналишларида кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Ушбу лойиҳалар Ургут, Каттақўрғон, Қўшработ, Нуробод, Самарқанд, Пайариқ туманларида бошланган. Бу ҳудудларда бешта туризм қишлоғи ташкил этилмоқда. Ургутдаги Терсак – туризм қишлоғида ҳозирда 20 дан ортиқ меҳмон уйи ташкил этилиб, сайёҳлар қабул қилинмоқда. Нуробод туманидаги Оқсой қишлоғида ҳам ушбу йўналишдаги ишлар самара бера бошлади. Ушбу ҳудуддаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи яқинида лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган дор йўли барпо этишга киришилган. Вилоятдаги Қоратепа ва Каттақўрғон сув омборлари ҳудудида экотуризмни ривожлантириш мақсадида дам олиш масканлари ва чўмилиш ҳавзалари ташкил этилмоқда.
Тадбир давомида вилоятда зиёрат туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларида имконияти чекланган шахслар учун қулай шароит яратиш, туризм кўчаларини кўпайтириш, хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритилиб, яқинда Самарқанд шаҳрида қозоғистонлик сайёҳлар билан бўлган воқеага эътибор қаратилди.
Рустам Қобилов ички ишлар ходимларининг ҳаракати амалдаги тартиб-қоидаларга хилоф эканлигини таъкидлаб,ушбу масала вилоят раҳбарияти ва ички ишлар вазирлиги томонидан батафсил ўрганилаётганлиги, якунда хатога йўл қўйган ходимлар, масъулларга нисбатан чора кўрилишини таъкидлади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА