Мавжуд муаммолар, амалий кўмак бериш, имтиёз ва имкониятларга қаратилган учрашув
Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқот, жойларда мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни тезкор ҳал этиш амалиёти муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай эзгу мақсадга қаратилган навбатдаги амалий учрашув Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов иштирокида “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖда ташкил этилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишиш, уларнинг мавжуд муаммоларини жойида ўрганиш, амалий кўмак кўрсатиш ҳамда давлат томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот беришдан иборат бўлди.
Маълумки, “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖ вилоятда чорвачилик соҳасида самарали фаолият юритиб келаётган йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Корхона наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни кўпайтириш, замонавий селекция усулларини жорий этиш ҳамда аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш йўлида салмоқли ишлар амалга оширмоқда.

Мулоқот давомида корхона раҳбарияти ва мутахассисларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майда қабул қилинган “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди.
Хусусан, мазкур қарор асосида 2026 йил 1 июндан 2029 йил 1 январга қадар хориждан наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи бўйича берилган имтиёзлар тадбиркорлар учун катта иқтисодий имконият экани таъкидланди. Бу имтиёзлар чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш, насл сифатини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашувда корхонанинг амалга ошираётган ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2025–2026 йиллар давомида корхона томонидан чорвачиликда фойдаланиладиган ветеринария ваксиналарининг қарийб 2 тонна ҳажмдаги, 150 минг АҚШ долларига яқин қийматга эга партияси мамлакатимизга импорт қилингани қайд этилди. Бу эса соғлом наслни шакллантириш, юқори маҳсулдорликка эришиш ва соҳада замонавий ёндашувларни жорий этишга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорларга божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими орқали яратиладиган енгилликлар, тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари, импорт ва экспорт жараёнларида учраши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш чоралари ҳамда Ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш тартиби юзасидан атрофлича тавсия ва амалий тушунтиришлар берилди.
Мулоқот самимий ва конструктив руҳда ўтиб, тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди. Божхона тизимида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари, имтиёзлар ва соддалаштирилган тартиблар ҳақида ҳам муҳим маълумотлар тақдим этилди.

Бундай учрашувлар давлат идоралари билан тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоси эшитилиб, уни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрилаётгани юртимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Зеро, рақобатбардош чорвачиликни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали нафақат ички бозор барқарорлиги таъминланади, балки мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири