Наманганда экспортёр корхоналар фаолияти билан танишилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов Наманган шаҳридаги “Гранд Текстил Сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этган лойиҳа доирасида корхонада замонавий технологиялар асосида рақобатбардош текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар ички бозор билан бир қаторда Россия ва Беларусь бозорларига ҳам экспорт қилинмоқда. 2025 йилда корхона томонидан 6 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.
[gallery-30543]
Корхона ишга туширилган дастлабки босқичда 300 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Кейинчалик амалга оширилган инвестиция лойиҳаси натижасида ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилиб, қўшимча 400 та иш ўрни яратилди. Ҳозирда бу ерда 700 нафарга яқин ходим меҳнат қилмоқда.
Ташриф давомида масъуллар тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, экспорт ҳажмини ошириш, янги ташқи бозорларни ўзлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, экспорт фаолиятида учраётган муаммоларни бартараф этиш, янги экспортёрларни тажрибали корхоналар билан ҳамкорликка жалб қилиш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА