Мавсумга тайёргарлик: хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда
Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Касби тумани фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан “Иситиш мавсумини хавфсиз бошлайлик” ойлиги доирасида ёнғин ва фавқулодда вазиятлар хавфи юқори бўлган “қизил ҳудуд” маҳаллаларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбирлар давомида хонадонлардаги мўрилар тозаланиб, носоз газ ва электр қурилмаларини таъмирлаш ҳамда уларни хавфсиз ҳолатга келтириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ҳар бир инспектор кун давомида ўзига бириктирилган маҳаллада 50 тагача хонадон ва иккита ижтимоий соҳа объектини ўрганиб, аҳолига ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтиришлар бермоқда.

Айниқса, совуқ кунларда иситиш қурилмаларидан нотўғри фойдаланиш, мўриларнинг тозаланмагани ёки газ жиҳозларининг носозлиги ёнғин ва ис газидан заҳарланиш хавфини оширади. Шу боис профилактик тадбирлар давомида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва хавфли ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур ишлар иситиш мавсумини хавфсиз ўтказиш, аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири