Мавсумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда
Шу кунларда барча соҳаларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Чунки мавсумни беталафот ўтказиш учун бугунги ҳаракат муҳим ҳисобланади. Навоий вилояти сув хўжалиги тизимида ҳам 2025-2026 йилларда куз-қиш мавсумида бажариладиган ишлар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, айни пайтда жараён мазкур дастур асосида изчиллик билан олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоят ҳудудида мавсумий даврда ирригация-мелиорация объектларини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, сув ресурсларини маъмурий ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларига самарали ҳамда оқилона етказиб беришни таъминлаш, шунингдек, ирригация ишларини юқори сифатда ташкил этиш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, каналларни лойқадан тозалаш, гидротехник иншоотлар ҳамда сув ўлчаш гидропостларини таъмирлаш ишлари босқичма-босқич режа асосида олиб борилмоқда.

– Режага кўра, вилоятда 182 километр, жумладан, Кармана-Конимех ирригация тизимида 46 километр, Кармана туманида 15,3 километр, Конимех туманида 8,6 километр, Қизилтепа туманида 41,5 километр, Навбаҳор туманида 21,5 километр, Хатирчи туманида 49,3 километр узунликдаги хўжаликлараро каналларни механизмлар ёрдамида лойқадан тозалаш режалаштирилган, – дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Ғиёс Джанзаков. – Шунингдек, каналлардаги 200 та гидротехник иншоот ва 167 та сув ўлчаш гидропостларини таъмирлаш ишлари кўзда тутилган. 237 километр хўжалик ички ариқларини махсус техникалар ёрдамида ҳамда ички ариқларнинг 2857 километр қисмини эса қўл кучи ёрдамида тозалаш ишлари белгилаб олинган. Бундан ташқари, 394 дона ички тармоқлардаги гидротехник иншоотлар, 367 та сув ўлчаш гидропостларида таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, айни пайтда бу жараёнлар жадаллик билан ташкил этилмоқда.
Келгуси йил вегетация мавсумини муваффақиятли ўтказишга замин яратиш мақсадида ирригация объектларини сифатли таъмирлаш учун туман ҳокимликлари, сув хўжалиги ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида кузги-қишки таъмир мавсуми уюшқоқлик билан амалга оширилаётир.
Бугунги кунда вилоятда сув хўжалиги тизим ташкилотлари томонидан 18 километр хўжаликлараро ирригация тармоқларида, 136,2 километр хўжалик ички суғориш тармоқлари, 20,7 километр мелиорация тармоқларида тозалаш ишлари бажарилди. Шунингдек, ирригация тармоқларидаги 247 дона гидротехник, гидропост иншоотлари ва сув олиш қулоқлари таъмирланди.
Бундан ташқари, кузги-қишки дастур доирасида 6 дона давлат насос агрегатлари, 4 дона давлат тасарруфидаги суғориш қудуқлари ва 4 дона ички хўжалик ҳисобидаги насос агрегатларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шу билан бирга, режа-график асосида тизим ташкилотларида ҳашарлар ташкил этилиб, каналлар бўйларида тозалаш, бетонлаштириш ишлари олиб борилди. Сув хўжалиги объектлари ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида тўқсонбости экинлар экилиши бошлаб юборилди.
А.Бўриев, ЎзА