“Мавриги” санъати халқаро майдонда
Миллий маданият ва санъатни дунёга танитиш, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ташаббуслар тобора кенгайиб бормоқда. Ана шундай аҳамиятли учрашувлардан бири Ўзбекистон давлат филармониясининг Бухоро вилояти бўлинмаси директори Рауф Авезов бошчилигидаги “Мавриги” ансамбли ижодкорларининг Туркиянинг “ТРТ” телерадиокомпаниясининг Тошкентдаги ваколатхонасига ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Учрашув давомида туркий халқлар мусиқа санъати, миллий анъаналар ва бой маданий меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, ўзбек миллий мусиқа санъатининг ноёб йўналишларидан бири бўлган “Мавриги” анъанасини оммалаштириш, унинг жаҳон маданиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир жараёнида Рауф Авезов томонидан “Мавриги” туркум қўшиқларининг тарихи, унинг қадимий илдизлари, халқона оҳанглари ва маънавий аҳамияти ҳақида батафсил тақдимот ўтказилди. Шунингдек, мазкур санъат турининг ўзига хос ижро услуби, миллий руҳни акс эттирувчи жиҳатлари ҳамда бугунги кунда уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Учрашувда Бухоро мусиқа мактабининг кўп асрлик анъаналари, туркий халқлар мусиқасидаги муштараклик ва маънавий яқинлик алоҳида эътироф этилди. Миллий қадриятларни замонавий медиа платформалар, аудио ва телелойиҳалар орқали кенг тарғиб қилиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.

Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқот якунида келгусида “ТРТ” телеканали билан ҳамкорликда қўшма мусиқий дастурлар, ижодий лойиҳалар ҳамда халқаро маданий медиа маҳсулотларини амалга ошириш юзасидан келишув ва таклифлар билдирилди.
Мазкур учрашув нафақат “Мавриги” санъатини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, балки туркий халқлар ўртасидаги маданий ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА