МАТТ навбатдаги конференцияни ўтказди
Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси томонидан замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашишга алоқадор масалаларга бағишланган саккизинчи халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияда тузилма Ижроия қўмитаси директори Р.Мирзаев, БМТ Бош котиби ўринбосари, ТҚКБ раҳбари В.Воронков, МДҲ АТМ раҳбари Е.Сисоев, ПИР Идоралараро разведка ва терроризмга қарши кураш департаменти бошлиғи А.Иқбол, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари М.Неъмат, шунингдек, турли мамлакатлардан дипломатлар, экспертлар ва илмий-сиёсий доира вакиллари иштирок этди. ШҲТ Бош котиби Чжан Мин анжуман қатнашчиларига видеомурожаат йўллаб, ШҲТ тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлашда масъулиятли, нуфузли халқаро иштирокчи экани, минтақавий хавфсизликни таъминлаш мақсадида замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича барча зарур чораларни кўраётгани, бундай саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.
- Ташкилотимиз фаолияти бошқа давлатлар ёки халқаро тузилмаларга қарши йўналтирилмайди, БМТ низоми, ШҲТ Хартияси асосида, халқаро ҳуқуқ меъёрига мувофиқ очиқ ва кенг ҳамкорлик қилиш тамойилидан келиб чиқади», - деди Чжан Мин сўзини давом эттираркан. - Афсуски, Афғонистондаги ички сиёсий вазият ҳам кескинлигича қолиб, терроризм, фуқаролараро низолар, экстремизм ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш учун замин яратмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТ МАТТ илмий-амалий конференцияси 2013 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида халқаро терроризм чақириқларига қарши курашиш соҳасидаги энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ўтказиб келинади.
Г.Абдуллаева, ЎзА