Матонат ва жасорат — инсон имкониятларидан устун куч
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида спортчилар иштирокида “Матонати ва жасорати ўз имкониятидан кучли” мавзусида маънавий-маърифий давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпиони, “Рио–2016” Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби Миран Сахатов, Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, халқаро тоифадаги спорт устаси Убайдулла Имомқулов иштирок этган тадбирда меҳмонлар ўзларининг спортдаги фаолияти, халқаро мусобақалардаги иштироки, юқори натижаларга эришиш йўлидаги машаққатли меҳнати, қатъияти ва ҳаётий тажрибалари ҳақида гапириб берди.

Жумладан, жисмоний имкониятлар инсоннинг мақсад сари интилиши, ирода ва матонатини чекламаслиги, аксинча, ҳар қандай синовни енгиб ўтишда кучли мотивация бўла олиши таъкидланди.
Самимий мулоқот давомида курсантлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, спортчиларнинг ҳаёт йўли, машғулот жараёнлари, мусобақаларга тайёргарлик ҳамда халқаро майдондаги тажрибалари юзасидан фикр алмашди.

Қайд этилганидек, мазкур учрашув ёш авлод қалбида ирода, матонат, жасорат, ватанпарварлик ва мақсад сари қатъият билан интилиш каби фазилатларни шакллантириш, шунингдек, ҳар қандай шароитда ўз имкониятларига ишониш муҳимлигини тарғиб этишга хизмат қилди.
Г.Бобоева,
ЎзА