Матнларини хатосиз ва форматини ўзгартирмайдиган конвертор тақдим этилди
Бу дастур Word файлларида ишлайди ҳамда матнларни хатосиз ва форматини бузмасдан у ёзувдан бу ёзувга ўгиради.
Инновацион ривожланиш вазирлиги мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек тилидан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш мақсадида “Innovative Developers” (www.idev.uz) корхонаси билан ҳамкорликда кирилл ёзувидаги матнларни лотин ёзувига ўгириш имконини берувчи дастурий таъминот яратилди.
Бу дастур Word файлларида ишлайди ҳамда матнларни хатосиз ва форматини бузмасдан у ёзувдан бу ёзувга ўгиради.
Дастурий таъминот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августдаги «Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги Қарори билан тасдиқланган имло қоидалари асосида ишлаб чиқилган.
Мазкур дастур жорий йил 21 октябрь санасида нишонланадиган «Ўзбек тили байрами куни» муносабати билан барча вазирлик ва идораларга, ташкилот ҳамда ҳокимликларга беғараз тақдим этилди.
Шунингдек, давлат ташкилотлари ўзларининг корпоратив электрон почталаридан converter@idev.uz га мурожаат қилган тақдирда 2020 йилнинг 21 октябрга қадар пароль калитлар қўшимча равишда бепул тақдим этилиши мумкин.
Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, бундан кўзланган асосий мақсад она тилимизни мавқеини ошириш, юртимизда лотин ёзувидаги ўзбек тилини ривожлантириш, давлат ташкилотлари ҳамда фуқароларимиз орасида фойдаланишни кенг тарғиб қилиш ва мавжуд ноқулайликларга инновацион ечим таклиф этишдан иборат.