Математика – муваффақият калити
Ҳар бир соҳа ривожида, энг аввало тўғри ҳисоб-китобга таянилади. Чунки аниқлик бор жойда натижа кўринади. Бунинг учун ҳар бир инсонга математик билим керак бўлади. Машҳур файласуф И.Кант айтганидек, ҳар бир илмда қанча кўп математика бўлса, шунча кўп ҳақиқат бор.
Бугунги кунда математика фанига ёшларни қизиқтириш учун юртимизда қатор амалий ишлар қилиняпти. Яъни, математикага ихтисослаштирилган махсус мактаб ҳамда олийгоҳлар ташкил этилган. Математикага қизиққан ёшлар билимларини янада ошириш учун эса халқаро ҳамкорлик янада муҳим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтида “Aлгебра, анализ, топология ва ҳисоблаш математикасининг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.
[gallery-23671]
Тадбир Тошкент Халқаро молиявий бошқарув ва технологиялар университети, Малайзиянинг Утара университети, Боку давлат университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда алгебра, анализ, топология, ҳисоблаш математикаси ва унга яқин соҳалардаги энг янги илмий натижалар ҳамда уларнинг татбиқларини муҳокама қилиш, математика соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Бундай ҳалқаро конференцияларнинг ўтказилиши соҳадаги илмий ютуқлар ва кашфиётлар билан танишиш ҳамда халқаро миқёсда тажриба ва билимлар алмашишга замин бўлади.
Н.Раҳмонова, ЎзА