Матбуот хизмати фаолияти: натижа ва самаралар
“Андижон вилояти сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Матбуот хизмати фаолияти: натижа ва самаралар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан ўтказилган тадбирда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари иштирок этди. Унда “Андижон вилояти сув таъминоти” МЧЖ матбуот хизматининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти билан яқиндан танишилди.
– Фаолиятимизни тарғиб қилиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш ва бартараф этишда жамиятимиз матбуот хизматининг алоҳида ўрни бор, – дейди “Андижон вилояти сув таъминот” МЧЖ раҳбари ўринбосари Зуҳриддин Шокиров. – Уларнинг саъй-ҳаракатида ичимлик суви билан боғлиқ жараёнлар, юзага келган турли носозликлар ҳақидаги маълумотлар аҳолига тезкорлик билан етказиб берилаётганлиги, мурожаатлар ўрганилиб, ўз вақтида жавоб қайтарилаётганлиги тизимдаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.
[gallery-2906]
Анжуманда жамият матбуот хизмати томонидан анжуман, брифинг ва пресс-турлар ўтказилиб, аҳолига ичимлик суви етказиб бериш жараёнларини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
– Мурожаатлар билан ишлаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади, – дейди “Андижон вилояти сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти матбуот хизмати раҳбари Марҳабохон Насриддинова. – Биргина жорий йилнинг ўтган даврида аҳолидан тушган 187 та мурожаатга ўз вақтида муносабат билдирилди, мурожаатларнинг аксарияти ижобий ечимини топди.
Тадбирда барча шарт-шароитларга эга махсус хона, зарур техник воситалар билан таъминланган жамият матбуот хизмати фаолияти алоҳида эътироф этилиб, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш, белгиланган йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Якунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни кенг ёритишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ журналистлар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА