Матбуот анжумани: вакант лавозимларга танловлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилоят филиалида “Давлат фуқаролик хизматларига кадрлар танлови” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Давлат фуқаролик хизматлари вакант лавозимларига бўлиб ўтган кадрлар танлови юзасидан маълумотлар берилди.
Танловларнинг суҳбат босқичи шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида янги усуллар амалиётда қўлланилгани, бўш иш ўринлари платформаси номзодлар ва жамоатчиликнинг таклифлари асосида такомиллаштирилаётгани таъкидланди.
Ўтган давр мобайнида вилоятда очиқ, мустақил танловларни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари “vacancy.argos.uz” ягона очиқ портали орқали 45 та ҳудудий давлат органи ва ташкилоти ҳамда 13 та туман ва шаҳар ҳокимлигида мавжуд бўлган 6 минг 384 та вакант лавозим бўйича танловлар эълон қилинган бўлиб, уларда жами 61 минг 651 нафар номзод иштирок этган.
[gallery-10019]
Якунланиб бораётган 2022 йил давомида ўтказилган 4 минг 613 та танловнинг 1 минг 640 тасида (35,5 фоиз) танлов ғолиби аниқланган бўлса, 2 минг 931 та (63,5 фоиз) вакант лавозим учун қайта танловлар ўтказилган, 42 та (1 фоиз) жой учун эълон қилинган танлов белгиланган тартибда ташкилотлардаги лавозимларни қисқартириш сабабли бекор қилинган.
– Танловларни ташкил этиш ва ўтказишда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, тенглик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали раҳбари Эркин Холбўтаев. – Хусусан, танловларнинг сон ва сифат таҳлилини амалга ошириш, уларни ҳар бир босқич бўйича кунлик мониторинг қилиб бориш мақсадида электрон база маълумотлари асосида автоматик шаклланувчи “Мониторинг жадваллари” ишлаб чиқилди, танловларнинг тест босқичи филиалда марказлашган тартибда ўтказилиб, жараёнлар онлайн трансляция қилиниши ва видео-қайдларга сақланиши таъминланди. Барча танловларнинг суҳбат босқичида филиал масъул ходимлари кузатувчи сифатида иштирок этиб, суҳбат босқичида инсон омилини камайтириш, номзодларга берилаётган саволлар вазнининг тенг бўлишини таъминлаш мақсадида “suhbatargos.uz” дастури ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ушбу дастур ёрдамида барча саволлар ягона платформада тасодифий танлаш (рэндом) орқали берилиши таъминланди.
Миллий кадрлар захираси билан ишлаш бўйича Жиззах вилояти ҳокими ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари учун жами 120 нафар, шундан, 60 нафар амалдаги ва 60 нафар 1-3 йиллик истиқболдаги захира номзод рўйхати шакллантирилди. Номзодлар тегишли саралаш синовларидан ўтказилиб, улар тўғрисидаги маълумотлар базаси тайёрланди.
Бугунги кунга қадар, захирага олинган номзодлар Агентлик томонидан Давлат бошқарув академияси ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида ташкил этилган махсус ўқув курсларида малака оширди.
Ҳудуддаги 3 минг 380 нафар давлат фуқаролик хизматчилари “dc.bimm.uz” платформаси орқали масофавий шаклда малака ошириш курсларига жалб этилди ва махсус сертификатларга эга бўлди.
Анжуман сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА