Масъуллар аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Бугун Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги раҳбарияти томонидан аҳоли ҳамда тадбиркорлар билан навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Унда тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова сўзга чиқиб, ҳудудлардаги муаммоларни жойида ўрганиш, фуқаролар мурожаатларига тезкор ва самарали ечим топиш муҳим вазифалардан бири эканини қайд этди.
Сайёр қабул жараёнида аҳоли ва тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаатлар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди, амалий ёрдам кўрсатилди. Айрим муаммолар жойида ҳал этилди. Хусусан, ишга жойлаштириш, аҳолини соғломлаштириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар бўйича ижобий қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, яшаш шароитларини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир бир қатор мурожаатлар юзасидан масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди. Ушбу мурожаатларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА