Мастер режалардан фазовий-ҳудудий режалаштиришга
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда “Мастер режалардан фазовий-ҳудудий режалаштиришга: рақамли бошқарув ва илғор ёндашувлар” мавзусида амалий семинар иш бошлади.
Икки кун давом этадиган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларидаги мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича лойиҳа офислари ходимлари, хорижий ва маҳаллий компаниялар, экспертлар ва тегишли мутахассислар иштирок этмоқда.
Семинар аввалида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Акико Фужии хоним ва Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари илғор хорижий тажриба ҳамда янгича лойиҳалаш тамойиллари асосида фазовий-ҳудудий стратегия ва режаларни ишлаб чиқишнинг аҳамияти, бунда маҳаллий мутахассисларнинг хорижий компаниялар ва экспертлар билан ҳамкорлиги ҳақида сўз юритди.
– Бугунги шиддатли тараққиёт, аҳоли сонининг ўсиб бораётгани биздан ҳудудларнинг мавжуд имконият ва салоҳиятидан келиб чиқиб, яқин ва узоқ истиқболда тартибли ривожланишини режалаштиришни тақозо этади, – деди И.Норқулов. – Бунда албатта, лойиҳачилар, мутахассисларнинг билими муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга ўша ҳудудда яшаётган маҳаллий аҳолининг фикри, мақсад ва режаларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Фазовий-ҳудудий режалаштиришда айнан шу омилларга эътибор қаратилади. Масалан, бугун барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 2040 йилда аҳоли сони қанча бўлади, уларнинг бандлиги ниманинг ҳисобидан таъминланади, мактаб ва боғчага эҳтиёж неча фоизга ўсади, транспорт-логистика тармоғига уланиши, саноат зоналари ва бошқа оддий масалаларгача эътиборга олинади. Бу ўша ҳудуднинг иқтисодий стратегиясини белгилайди. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур семинарнинг асосий мақсади маҳаллий ҳокимлик ва ҳудудий ташкилотлар мутахассисларининг илғор хорижий тажриба ва янгича лойиҳалаш тамойилларини фазовий-ҳудудий стратегия ва режалар, жумладан, мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда қўллаш бўйича кўникмаларини оширишдан иборат.
Семинарда Қамаши туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви мастер режаси: замонавий шаҳарсозлик ва энергия самарадорлик ёндашувлари, лойиҳалаш ва қурилишда энергия самарадорликни ошириш: энергия ва иссиқлик таъминоти учун инновацион технологиялар, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари фазовий-ҳудудий стратегия ва режаларни ишлаб чиқишдаги илғор ёндашувлар, фазовий-ҳудудий режалаштиришда сунъий интеллект ва транспорт моделининг ўрни ҳамда бошқа қатор масалалар муҳокама қилинди, тақдимотлар ўтказилди. Бу жараёнда хорижий ва маҳаллий мутахассислар, экспертлар, Испаниянинг “IDOM” ва Жанубий Кореянинг “DOHWA” компаниялари фазовий-ҳудудий режалаштириш бўйича экспертлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, Ўзбекистонда фазовий-ҳудудий режалаштириш ва мастер режалар бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бугун ҳудудларни ривожлантириш, жумладан, туман ва шаҳарларнинг драйвер йўналишларини рўёбга чиқаришга “мастер режа” механизми жорий қилиниб, бу йўналишда қатор ижобий натижаларга эришилмоқда. Жумладан, Шаҳрисабздаги Мираки туризм маркази, Қувадаги “Каркидон” сув омбори атрофида дам олиш маскани, Марғилон ва Фарғона шаҳарларида 110 гектар майдонда турар жой мажмуалари, Бурҳониддин Марғиноний илмий-тадқиқот ва туризм мажмуаси, Булоқбошидаги “Ширмонбулоқ”, Сариосиёдаги "Сангардак" туризм марказлари ана шундай илғор тажриба асосида амалга оширилди. Бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун вилоят, туман (шаҳар) ҳудудларини тўлиқ қамраб олиб янгича режалаштиришни назарда тутувчи фазовий-ҳудудий режалаштириш жорий этилмоқда. Бунда ҳар бир ҳудудни ривожлантириш нуқталари белгилаб олиниб, уларни бир-бири билан боғлаб ривожлантириш ҳамда инфратузилма билан боғлиқ инвестицияларни ушбу ҳудудларга тўғри жойлаштириш назарда тутилади.
Жаҳон банкининг “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича фазовий-ҳудудий стратегиялар ҳамда “Янги Ўзбекистон қиёфаси” мақомидаги 33 туман ва шаҳар бўйича фазовий-ҳудудий режалар ишлаб чиқиш учун хорижий компанияларни жалб қилиш ишлари якунланиб, компаниялар ҳудудларда ишларни бошлаган. Жумладан, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига Франциянинг “Groupehuit” ва Буюк Британиянинг “Buro Happold”, Самарқанд вилоятига Испаниянинг “IDOM”, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларига Хитойнинг “China Urban Construction”, Бухоро ва Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари учун Кореянинг “DOHWA”, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун Испаниянинг “IDOM”, Тошкент вилояти учун Англиянинг “ARUP” компаниялари жалб этилди. Ушбу компаниялар томонидан вилоят бўйича фазовий-ҳудудий стратегия, “Янги Ўзбекистон қиёфаси”даги туман (шаҳар) бўйича фазовий-ҳудудий режа ҳамда ушбу туман (шаҳар)да танлаб олинадиган беш ҳудуднинг мастер режалари ишлаб чиқилади.
Хусусан, Сурхондарё ва Қашқадарё учун жалб этилган хорижий компаниялар билан Қамаши туманида янгича лойиҳалаш ёндашуви асосида 105 гектар майдонда аралаш функцияли (mix use) турар жой комплекси (“Янги Ўзбекистон” массиви)ни барпо қилиш мастер режаси ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари бошланди.
– Ушбу комплекс 11 минг аҳоли яшайдиган 4200 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, дам олиш жойларини ўз ичига олади, – дейди мазкур лойиҳани мувофиқлаштирувчи архитектор-шаҳарсоз Норсулув Бурхонова. – Хорижий ва маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигидаги ишлаб чиқилган лойиҳанинг бош ғояси инсонлар учун қулай яшаш муҳити яратиш ҳисобланади. Бу “ижтимоийлашув” ва “маҳалла” тамойиллари асосидаги аралаш функцияли (mix use) биноларни ҳамда аҳоли, айниқса, ёшлар ва болалар пиёда, хавфсиз ҳаракатланадиган инфратузилмани ўз ичига олади. Шунингдек, массивнинг экологик мусаффолиги, мактаб, боғчаларнинг яқин, қулай бўлиши, 15 дақиқалик шаҳар тамойили, ердан самарали фойдаланиш, шаҳарлараро алоқалар, энергия самарадорлиги ҳисобга олинган.
[gallery-30423]
Семинарнинг иккинчи куни иштирокчилар янгича лойиҳалаштириш тизими асосида Самарқанд вилоятида амалга оширилган ишлар, янги қурилган объектлар билан танишиши режалаштирилган.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари