Машғулотлар амалий, ҳам фойдали руҳда ўтмоқда
Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан агентлик тизимидаги мактабларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ва психологлари учун семинар-тренинглар бўлиб ўтмоқда.
Агентлик раҳбари Ҳилола Умарова сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Зеро, ёш авлодни Ватанга садоқат ва маънан етук қилиб тарбиялаш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан биридир.
Мазкур семинар-тренинглардан кўзланган мақсад ҳам бу борада белгиланган вазифаларни амалга оширишда мактаб масъулларига методик ёрдам кўрсатишдан иборат.
Семинар-тренинг давомида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳитдинова, фалсафа фанлари доктори, профессор Қиёмиддин Назаров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Бошқарув маҳорати кафедраси тренери Марҳабо Сафарова каби олим ва экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Тренинглар давомида “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат”, “Ёшларни ватанпарварлик ғоялари руҳида тарбиялашнинг маънавий-ҳуқуқий асослари”, “Янги Ўзбекистон” тараққиёт стратегияси – маърифатли жамият асоси”, “Лидерлик ва самарали жамоани шакллантириш” каби мавзулардаги машғулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Н.Усмонова, ЎзА