Машаққатли меҳнати ортидан бахт топаётган аёл
Орамиздаги одамлар
Бугунги кунда хотин-қизлар жамиятимизнинг барча соҳаларида фаол иштирок этмоқда. Аёл – ўқитувчи, аёл – шифокор, аёл – раҳбар, аёл – дипломат, аёл – тадбиркор, аёл – иқтисодчи. Хуллас, қай бир соҳани олиб қараманг, опа-сингилларимиз меҳнат қилаётганини кўришимиз мумкин. Аммо шахтёрлик касбини эгаллаб, унда узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораётган аёлларни камдан-кам учратамиз.
Айтишларича, шахтёрлик дунёдаги энг хавфли 10 та касбнинг бири сифатида тилга олинар экан. Албатта, ер остида ишлаш, тор йўлакчалар ва ҳаво етишмаслиги шароитида минерал тошларни майдалаш, бу ҳар ким ҳам бажара оладиган машғулот эмас.

Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Қадоқ қишлоғида ишчи оиласида дунёга келган Инобат опа Ўролова ҳам ана шу машаққатли касбни танлади.
– Болалигим қишлоқда ўтган. Қишлоғимиз аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади, – дея хотирлайди Инобат опа. – Ҳар бир оилада камида 10 тадан қўй-эчки, 2-3 тадан сигир бор. Оилада тўрт қиз, уч ўғил вояга етганмиз. Ўғил болалар чорва молларини боқиш, қизлар эса гилам тўқиш билан шуғулланганмиз. Ёшлигимиздан бизнинг оилани қишлоқдагилар “гилам тўқиш фабрикаси”, деб аташарди. Онам уй бекаси бўлганлиги боис бизларни ёшликдан меҳнатга ўргатган. Бировга ҳасад қилмай, ҳавас қилишга, ҳалол меҳнат қилишга ундаган. Қишлоқда ишлар кўп, лекин шунинг билан бирга китоб ўқишга, билим олишга шароит яратиб берган. Қўлида дипломи бўлса, давлат ишида ишлайди. Ойлиги, уйи, жойи бўлади, дер эдилар. Ота-онам мени ўқитувчи бўлиб болаларга дарс беришимни орзу қилишган. Шунинг учунми, Жиззах педагогика билим юртида ўқидим. Турмушга чиқиб, Зарафшон шаҳрида комбинатга қарашли болалар боғчасида ишладим. Зарафшон шаҳридаги Ўқув марказида ўқиб, диплом олдим. Шундан сўнг шахтага ер усти стволчиси вазифасида ишга кирдим.

2017 йилда “Мурунтов” шахтасига ишга кирган Инобат опа ернинг 700 метр чуқурлигига тушиш ва ишлаш ҳамма учун ҳам эмаслигини ҳис этган.
– Яширмайман шахтада илк иш фаолиятимни бошлаганимда қўрққанимдан роса йиғлаганман. Биринчи кунимданоқ ишни ташлаб ҳам кетмоқчи бўлганман. Лекин устозларим Анастасия Блогадарёва ва Гулмира Худоёроваларнинг далдаси ишда қолишимга сабаб бўлган, – дейди қаҳрамонимиз. – Ишимизнинг хавфлилик даражаси юқори бўлгани учун инсондан катта масъулиятни талаб этади. Биз чуқурликни кўрмаймиз, фақат сигналларни тўғри бериб, қулоқларимиз билан эшитиб, ақлимиз билан ишлаймиз. Бизнинг биргина хатомиз ёки меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслигимиз бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун доим ўта ҳушёрликда, эътибор ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишлаймиз. Ер остида 3 горизонт чуқурликда ишлаётганлар меҳнатини доимо қадрлайман.

– Бир куни эрталаб ишга келсам, бошлиғимиз бир ёши каттароқ аёлга ўз ишимни ўргатишимни тайинлади. Тўғриси, ҳайрон қолдим. Чунки ҳар доим ўзимдан кичик бўлган ёшларга иш ўргатганман. Касбимиз нозик, ўта ҳушёрликни, ўз ўрнида чаққонликни талаб этади. Бу опа бажара олмасалар керак, дея эътироз ҳам билдирдим. Бироқ менга бириктирилган Инобат опа мен ўйлагандек эмас, балки ёшлардан-да чаққон чиқди. Тезда бошқарув пультларини ўрганиб олди. Ҳар қандай вазиятларда ҳам ишни олдиндан режалаштириб олишга одатланди. Касб танлаш ва ўрганиш ёш танламаслигини мен шу опада кўрдим, – дейди шахта ичи транспорти участкаси стволчиси Гулмира Худоёрова.
Айни вақтда “Мурунтов” шахтасида 320 нафардан ортиқ турли миллат вакиллари меҳнат қилади. Уларнинг 60 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ишчи-ходимларнинг бирдамлиги, ўз ишига масъулият билан ёндашганлиги боис бугун жамоа топширилган ҳар қандай вазифани вақтида бажариб келмоқда.

– Ҳар бир ишда жамоа аҳил бўлсагина самара бўлади, деб ўйлайман, – дейди “Мурунтов” шахтаси шахта ичи ички транспорти участкаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Тўраев. – Ишчиларимиз бир-бирини тушунади, ҳурмат қилади, ўз ўрнида вазифаларини ҳам яхши билади. Жамоамизда узоқ йиллардан буён бирга ишлаб келаётган шахтёрлар кўп. Инобат опа Ўролова ҳам тажрибали ишчиларимиздан бири. Самимий, меҳр-оқибатли, хушмуомалалик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлган опани жамоамиз бирдек яхши кўради, ҳурмат қилади.
Бугун Инобат опа Ўролова жамоада устоз ҳисобланади. Соҳага кириб келаётган ёшларга ўз касбининг сир-асрорларини эринмасдан ўргатади.
Мана ўттиз йилдирки, опа турмуш ўртоғи Абдуқодир Холиқулов билан тинч-тотувликда яшаб, уч қиз, бир ўғилни камолга етказди. Уларни тарбиялаб, олий маълумотли қилди. Бугун улар ҳам комбинат соҳасида меҳнат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири