Маркус Потцель: Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси жуда муҳим!
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ашхободда Туркманистон бетарафлигининг 27 йиллигига бағишланган “Мулоқот – тинчлик гарови” халқаро конференциясида иштирок этди.
Тадбир БМТ, ТДТ, ЕИ, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси – МООНСА каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг олий вакиллари, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти аъзолари, хорижий давлатларнинг Ашхободдаги дипломатия корпуси раҳбарлари, кўзга кўринган жамоат арбоблари, сиёсатчилар, етакчи экспертларни бир жойга тўплади.

Анжуманда сўзга чиққан МООНСА раҳбари ўринбосари Маркус Потцель Афғонистон заминида мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш умумий ҳамжиҳатликка эришиш, инклюзив сиёсий жараённи таъминлаш йўлидаги мулоқотни қўллаб-қувватлашни тақозо этишини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан БМТ вакили жорий йил 13 октябрь куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Афғонистон бўйича халқаро музокара гуруҳини тузиш ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Жаноб Потцель фикрича, мазкур ноёб формат афғон муаммоси бўйича глобал миқёсда кенг консенсусга эришиш, Афғонистон муваққат ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашувлар ишлаб чиқишга кўмаклашади.