Марказий Осиё ва Озарбайжон ёш лидерлари мулоқоти
Бугун пойтахтимизда «Юксалиш» ҳаракати ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси томонидан ташкил этилган «Марказий Осиё ёш етакчилари» минтақавий дастурига старт берилди.
Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 20 нафардан ортиқ ёш сиёсатчи, депутат, давлат хизматчиси ва жамоат арбоблари иштирок этмоқда. Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари ёшларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу форум илк бор ўтказилмоқда.

Ёш лидерлар форумини «Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов ҳамда Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кириш сўзи билан очар экан, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган янги сиёсий муҳит шаклланганини алоҳида эътироф этди. Ушбу муҳитнинг барқарорлиги нафақат бугунги раҳбарларга, балки эртага қарорлар қабул қилиш масъулиятини ўз зиммасига оладиган янги авлодга ҳам боғлиқ. «Марказий Осиё ёш етакчилари» дастури айнан шу авлод вакиллари ўртасида шахсий ишонч, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳини мустаҳкамлашга қаратилган.

Таъкидланганидек, минтақадаги ўзаро дўстона муносабатларни ривожлантириш, халқаро майдонда Марказий Осиё бирдамлигини намоён этишда янги авлод сиёсатчиларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим. Шу маънода ушбу мулоқот платформаси ёшлар ўртасидаги доимий ва ишончли ҳамкорлик тармоғини яратишда алоҳида аҳамият касб этади.
Форум доирасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари ёшлари жонли мулоқот қилиш, тажриба алмашиш, Ўзбекистондаги ислоҳотлар билан бевосита танишиш, минтақанинг умумий масалалари юзасидан фикр алмашиш имконига эга бўлади.
Марказий Осиёнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган авлод ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик орқали минтақада қарор топган ўзаро ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлаш мумкин.

— Марказий Осиё ёш лидерларининг мулоқот платформасида ёшлар сиёсатида янги тажрибаларни ўртоқлашиш учун жам бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Отабек Собитов. — Бугун ёшлар билан ишлаш соҳасида Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси бор. Масалан, маҳалла институтини ривожлантириш, айниқса, маҳаллаларда ёшлар муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш, уларни жойида ҳал этишга аҳамият қаратиш, стартап ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, алоҳида жамғармалар ташкил этилган. Ёшлар парламенти йўналишида ҳам Ўзбекистоннинг тажрибаси минтақа ёшларини ўзига жалб этмоқда. Бизнинг ёшлар сиёсатидаги тажрибаларимиз мазкур мулоқот иштирокчилари томонидан ўрганилади. Ўз навбатида, биз қардошларимизнинг тажрибаларини ўрганамиз. Умуман, бу мулоқот платформасининг асосий ғояси ва мақсади — Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатларидаги ёшларнинг ҳамкорлигини уйғунлаштириш, ҳамкорликда лойиҳаларни ташкил этиш, барча соҳада кенгайиб бораётган алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқишдан иборат.

Мазкур ёшлар форуми 27–29 октябрь кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида давом этади. Дастур давомида ёшлар Сенат ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти билан учрашиб, парламент ислоҳотларини бевосита муҳокама қилади. Шунингдек, IT Park билан танишув, Ислом цивилизацияси марказига ташрифлар режалаштирилган. Шундан сўнг ёш лидерлар мулоқоти қадимий Бухорода ўз ишини давом эттиради.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА