Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳамкорлиги – барқарор тараққиётнинг янги имкониятлари
Сўнгги йилларда Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, минтақавий ҳамкорликнинг янги имкониятларини очмоқда. Айниқса, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш, энергетика ва инвестиция соҳаларидаги шерикликни мустаҳкамлаш барқарор тараққиётнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши, экологик хавфсизлик ва инсон капиталини ривожлантириш каби масалалар ҳам давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка янгича ёндашувни тақозо этмоқда.
Хўш, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги яқинлашув минтақалар иқтисодиётининг таркибий ўзгаришига қандай имкониятлар яратади? Каспий орқали транспорт алоқаларининг кенгайиши, энергетика соҳасидаги қўшма ташаббуслар ва экологик ҳамкорлик барқарор ривожланишга қай даражада хизмат қилади?
Ушбу саволлар юзасидан Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Муслим Эргашбоев билан суҳбатлашдик.

– Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг изчил ривожланиши минтақада барқарор тараққиётни таъминлашга қандай ижобий таъсир кўрсатмоқда?
– Аввало, бу икки ҳудудни географик жиҳатдан бирлаштириш ҳақида эмас, уларнинг иқтисодий тараққиёти тобора ўзаро боғланиб бораётгани ҳақида гап кетмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари жаҳон бозорларига чиқиш, саноатни ривожлантириш ва энергия таъминотини мустаҳкамлашга интилмоқда. Озарбайжон эса Каспий денгизининг ғарбий соҳилида жойлашгани, ривожланган энергетика тармоғи ва Кавказ орқали ташқи бозорлар билан алоқалари туфайли бу жараёнда муҳим ўрин тутади.
Фикримча, мазкур муносабатларнинг энг муҳим жиҳати савдо йўналишларининг кўпайишида эмас. Асосий имконият давлатлар иқтисодиёти ўртасида янги, узоқ муддатли боғлиқликлар шаклланаётганидадир. Бу боғлиқлик ишлаб чиқариш, инвестиция, билим ва технология алмашинувига айланса, ҳамкорликнинг таъсири анча кенг бўлади.
– Бу яқинлашув икки ҳудуд иқтисодиётининг таркибий ўзгаришида қандай аҳамият касб этиши мумкин?
– Биламизки, Марказий Осиё ва Озарбайжон иқтисодиётлари турли кўрсаткичларга эга. Минтақада йирик истеъмол бозорлари, қишлоқ хўжалиги ва саноат имкониятлари, гидроэнергетика захиралари мавжуд. Озарбайжоннинг муҳим устунликлари эса энергетика, транспорт, савдо хизматлари ва ташқи бозорлар билан алоқаларда намоён бўлади. Шу билан бирга, мамлакатнинг ўзи ҳам нефть-газга боғлиқликни камайтириш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш вазифасини ҳал этмоқда.
2025 йилда Озарбайжоннинг нефть ва газдан ташқари товарлар экспорти 3,6 миллиард доллардан ошган. Бу кўрсаткич янги тармоқларни ривожлантириш йўлидаги ҳаракатни кўрсатади, лекин иқтисодиётнинг тўлиқ таркибий ўзгарганини англатмайди. Марказий Осиёда ҳам хомашё экспортидан юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш долзарб.
Ушбу икки жараённи бир-бири билан боғлаш мумкин. Масалан, ҳамкорлик фақат тайёр маҳсулот савдосидан иборат бўлмасдан, саноат корхоналари ўртасидаги узоқ муддатли алоқалар, қўшма муҳандислик хизматлари ва мутахассислар тайёрлашга ҳам хизмат қилиши лозим. Бунда асосий савол қайси давлат қанча маҳсулот сотганида эмас, ҳамкорлик натижасида ҳар бир иқтисодиётда қандай янги имконият пайдо бўлганидадир.
– Айтингчи, Каспий орқали транспорт алоқаларининг кенгайиши барқарор тараққиётга қандай ҳисса қўшиши мумкин?
– Халқаро савдода масофа билан бирга транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддати ҳам муҳим омил ҳисобланади. Каспий орқали Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқиш йўналишлари бу чекловни юмшатиши мумкин. Айни вақтда улар Озарбайжон учун ҳам хизматлар соҳасини кенгайтириш ва иқтисодий фаолликни ошириш имкониятини яратади.
Бироқ транспорт йўлаги мавжудлигининг ўзи ҳудуд ривожланганини билдирмайди. Юклар мамлакат ҳудудидан ўтиб кетиши, маҳаллий корхоналар эса янги бозор имкониятларидан етарлича фойдаланмаслиги мумкин. Шу нуқтаи назардан, транспорт алоқаларини минтақада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги билан биргаликда баҳолаш лозим. Қайси тармоқлар янги бозорга чиқа олади, экспорт таркибида қайта ишланган маҳсулот улуши ортадими, маҳаллий хизмат кўрсатиш соҳаси қандай ривожланади – асосий натижалар шуларда билинади.
Шу билан бирга, халқаро йўналишларнинг кўпайиши ташқи иқтисодий алоқаларни янада барқарор қилади. Муқобил йўл мавжудлиги сиёсий ёки иқтисодий беқарорлик даврида ҳам савдони давом эттириш имконини кенгайтиради. Демак, Каспий орқали ҳамкорликнинг аҳамияти фақат транзит даромадида эмас, ташқи иқтисодий хавфларни камайтиришида ҳамдир.
– Энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янги тараққиёт омилига айлантириш учун нималарга эътибор бериш керак, сизнингча?
– Марказий Осиёда қуёш, шамол ва гидроэнергетика имкониятлари турлича тақсимланган. Озарбайжон эса анъанавий энергетикадаги тажрибаси билан бирга қайта тикланувчи манбаларни ҳам ривожлантирмоқда. Бу фарқлар ўзаро манфаатли алоқаларга замин яратади. Лекин “яшил” энергетиканинг тараққиётини фақат янги станциялар ёки электр энергияси экспорти билан ўлчаш тўғри бўлмайди.
Масала кенгроқ. Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарилиши кўпайгани сари тармоқлар барқарорлиги, энергияни сақлаш, муҳандислик кадрлари ва техник хизмат кўрсатишга талаб ҳам ортади. Агар ушбу эҳтиёжларнинг барчаси ташқи таъминот орқали қопланса, табиий ресурсларга боғлиқликнинг бир қисми технологик боғлиқлик билан алмашиши мумкин.
Шу боис энергетика соҳасидаги ҳамкорликни саноат ва таълим сиёсати билан боғлаш зарур. Йирик сармоялар маҳаллий корхоналарнинг технологик салоҳиятини ошириши, муҳандисларнинг малакасини юксалтириши ва янги касбларни шакллантириши керак. Шу билан бирга, ташқи бозорга энергия сотиш имкониятлари ички истеъмолчиларнинг узоқ муддатли эҳтиёжлари билан мувозанатда бўлиши лозим. Акс ҳолда экспорт ўсиши иқтисодиётнинг умумий барқарорлигига кутилган ҳиссани қўшмаслиги мумкин.
– Глобал иқлим ўзгариши икки ҳудуднинг умумий келажагига қай даражада таъсир кўрсатади?
– Иқлим ўзгаришининг давлатларга таъсири бир хил бўлмайди, албатта. Марказий Осиёда музликларнинг қисқариши, сув таъминоти ва қишлоқ хўжалигининг иқлимга боғлиқлиги муҳим ўрин тутади. Озарбайжон учун ҳам сув ресурслари масаласи долзарб, аммо унинг Каспий денгизи соҳилида жойлашгани қўшимча хавфларни келтириб чиқаради. Хусусан, денгиз сатҳининг пасайиши портлар, транспорт ва соҳил экотизимларига таъсир кўрсатиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, бир мамлакатда амалга оширилган йирик инфратузилма лойиҳаси қўшни мамлакатдаги табиий ўзгаришлардан мустақил бўла олмайди. Каспийнинг бир соҳилидаги порт модернизация қилинган тақдирда ҳам, бошқа соҳилдаги инфратузилма табиий шароитга мослашмаса, бутун ташиш тизимида муаммолар сақланиб қолади.
Ҳамкорликнинг янги йўналишларидан бири катта иқтисодий лойиҳаларни келгуси ўн йилликлардаги иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда режалаштириш бўлиши керак. Бу фақат экологик экспертиза эмас, балки инвестицияларнинг узоқ муддатли самарадорлигини таъминлаш масаласидир. Иқлим хавфлари ўз вақтида ҳисобга олинса, келажакда юзага келадиган ортиқча харажатларнинг олдини олиш мумкин.
– Иқтисодий ҳамкорлик кенгайиши оддий аҳоли турмушида ҳам сезилиши учун нималарга аҳамият бериш лозим, деб ўйлайсиз?
– Барқарор ривожланишнинг энг муҳим мезонларидан бири иқтисодий ўсиш натижаларининг аҳоли фаровонлигига таъсиридир. Йирик сармоя лойиҳаси иш ўринлари яратса-ю, маҳаллий корхоналар унда кам иштирок этса, иқтисодий фойданинг сезиларли қисми ҳудуддан ташқарида қолиши мумкин. Бу ҳолат транспорт, энергетика ва туризм соҳаларида ҳам учрайди.
Шунинг учун ҳамкорлик натижаларини фақат савдо айланмаси ёки жалб этилган инвестиция билан баҳоламаслик керак. Маҳаллий тадбиркорликнинг кенгайиши, аҳолининг касбий имкониятлари, янги иш ўринларининг сифати ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутнинг камайиши ҳам ҳисобга олиниши зарур.
Айниқса, илм-фан ва таълим соҳасидаги алоқаларга узоқ муддатли сармоя сифатида қараш керак. Марказий Осиё ва Озарбайжон ёшлари учун умумий меҳнат бозори ҳақида гапиришдан олдин, иқтисодиётда талаб юқори бўлган касблар ва мутахассисликлар бўйича ўзаро тажриба алмашишни кучайтириш керак. Ҳамкорликнинг энг барқарор натижаси инсон капитали ривожланганида намоён бўлади.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА