“Марказий Осиё – Хитой” формати бош котиби Ўзбекистонни мустақиллик байрами билан табриклади
“Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти бош котиби Сунь Вэйдун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакат халқи ва раҳбариятига табрик йўллади.
Қайд этилишича, у Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликда давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, сармоявий муҳитни яхшилаш ва “яшил” трансформация соҳаларида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётганини таъкидлаган.
Сунь Вэйдунга кўра, 2025 йил Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоиз ўсган, хорижий сармоя ҳажми 43 миллиард, ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларни ташкил этган. 2026 йил биринчи ярмида эса иқтисодий ўсиш 8,5 фоиз, инвестиция 28 миллиард, экспорт ҳажми 14,4 миллиард долларга етган.
Мулозим республикамизнинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатини ҳам юқори баҳолаган. Минтақа давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва гуманитар алоқалар кенгайиб бораётганига эътибор қаратган. Шунингдек, “Марказий Осиё – Хитой” тузилмаси доирасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон бу жараёнда фаол иштирок этаётганини таъкидлаган. Савдо, сармоя, транспорт, қишлоқ хўжалиги, юқори технология, “яшил” энергетика ва гуманитар алмашинув йўналишларидаги шерикликни янада кенгайтириш учун кенг имконият мавжудлигини қайд этган.
ХХР – Ўзбекистон иқтисодий алоқалари жадал ривожланаётгани ҳам таъкидланган. Ўтган йил товар айирбошлаш қиймати 18 миллиард долларга етгани, 2026 йил биринчи ярмида эса 8,9 миллиард долларни ташкил этгани, айни пайт юртимизда Хитойнинг 6 000 га яқин корхонаси фаолият юритаётгани келтирилган.
Бош котиб “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши минтақавий савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда гуманитар алмашинувни кенгайтириш учун истиқболли лойиҳа сифатида қайд этган.
Сунь Вэйдун табриги якунида Ўзбекистон халқига тинчлик, осойишталик, бахт ва фаровонлик тилаган.
Д.Ҳакимов, ЎзА