Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва "яшил" техникумларда ўқиш амалиёт билан узвий боғлиқ олиб борилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва "яшил" техникумларда ўқишнинг амалиёт билан узвий боғлиқлиги таъминланади. Бунда:
а) "яшил" техникумларнинг ўқувчилари учун Экология қўмитаси ва Фанлар академиясининг тизимига кирувчи ташкилотларда ўрмон хўжаликлари, гидрометеорология станциялари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, чиқинди полигонлари, ботаника ва дендрология боғлари, ҳайвонот боғлари, Ботаника ва Зоология институтларининг амалиёт участкалари ташкил этилади;
б) Университетнинг тўрт йиллик таълим дастури асосида ўқув жараёнларида назарий ва амалий машғулотлар улуши:
биринчи босқичда - 80 фоиз назарий ва 20 фоиз амалий;
иккинчи босқичда - 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий;
учинчи босқичда - 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий;
тўртинчи босқичда - 20 фоиз назарий ва 80 фоиз амалий бўлиши назарда тутилади;
в) "яшил" техникумлар учун икки йиллик таълим дастури асосида ўқув жараёнларида назарий ва амалий машғулотлар улуши:
биринчи босқичда - 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий;
иккинчи босқичда - 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий;
г) ҳудудлар кесимида ташкил этиладиган ботаника ва дендрология боғларига тегишлилиги бўйича "яшил" техникумлар бириктирилади.
Қарор билан:
а) Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва унинг тизимидаги таълим ташкилотларини ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар режаси;
б) Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) жорий этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати тасдиқланди.
Университетга унинг таркибидаги таълим ҳамда илмий ташкилотлар тузилмаларига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дунёнинг нуфузли "Quacquarelli Symonds" (QS), "Times Higher Education" (THE) ва "Шанхай рейтинг" (ARWU) рейтингларида топ-300 таликка кирган хорижий олий таълим ташкилотлари дипломига эга бўлган ва Университет ўқув жараёнига тўлиқ ставкада жалб қилинган ўқитувчиларга 200 фоиз миқдорида устама тўланади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида Университет учун давлат гранти бўйича 100 та, лекин умумий қабул квотасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда қабул квоталарини ажратиб боради.
2026 йил 1 майдан бошлаб:
а) "10 минг қадам пиёда" тажрибаси қайта тикланади ҳамда "Соғлом турмуш тарзи" платформаси фаолияти йўлга қўйилади;
б) "Соғлом турмуш тарзи" платформаси учун ҳар йили Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратилади.
2026 йил 1 майдан бошлаб табиатни муҳофаза қилиш соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган ёшлар ҳамда экоаълочи мактаб ўқувчиларини рағбатлантириш мақсадида қуйидаги даражаларда "Ёш эколог" кўкрак нишони таъсис этилади:
а) мактаб ўқувчилари ўртасида III даражали "Ёш эколог";
б) техникум ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида II даражали "Ёш эколог";
в) халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар ўртасида I даражали "Ёш эколог".
ЎзА