Марказий банк огоҳлантиради: сохта лицензиядан эҳтиёт бўлинг
Интернет тармоғида Марказий банк номидан тайёрланган сохта лицензия ҳужжати тарқатилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Тақдим этилаётган ҳужжатда «Олтин Ой Кредит» акциядорлик-тижорат банки номи қайд этилган. Бироқ Марказий банк маълумотларига кўра, бундай номдаги банк Ўзбекистонда мавжуд эмас. Шунингдек, Марказий банк томонидан мазкур ташкилотга ҳеч қандай банк лицензияси берилмаган.
Бу ҳолат фуқароларни чалғитиш ва молиявий фирибгарликка ундаш мақсадида сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ҳолатларига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади. Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқларда турли молиявий хизматлар, кредитлар ва инвестиция таклифлари кўпайиб бормоқда.
Бундай ҳолатларда ташкилотнинг номи, лицензияси ва молиявий хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эканини текширмасдан туриб, шахсий маълумотлар ёки пул маблағларини тақдим этиш турли хавфларга олиб келиши мумкин. Шу боис Марказий банк фуқаролар ва ташкилотларни бундай фирибгарлик ҳаракатларидан огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Айниқса, банк ёки молиявий ташкилот номидан юборилган ҳужжатнинг ташқи кўринишигагина ишониб қолмаслик, унинг ҳақиқийлигини расмий манбалар орқали текшириш муҳим. Молиявий хизматлардан фойдаланишдан олдин тегишли ташкилотнинг Марказий банк томонидан лицензиялангани ёки лицензияга эга эмаслигини текшириш тавсия этилади.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган лицензияга эга банклар рўйхатини Марказий банкнинг расмий веб-сайти орқали текшириш мумкин. Энг муҳими, интернетда тарқатилаётган шубҳали ҳужжатлар, хабарлар ва таклифларга шошилиб ишонмаслик, молиявий қарор қабул қилишдан олдин маълумотларни расмий манба орқали қайта текшириш зарур.
Ш.Маматуропова, ЎзА