Марказий банк фаолиятини текшириш Сенат қарори асосида амалга оширилиши белгиланмоқда
Қонунчилик палатасининг мажлисида Марказий банк фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг мустақиллиги ва банк тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қарори асосида ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда текшириш мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Марказий банк фаолиятини текшириш бўйича хорижий тажрибалар ўрганилган. Масалан, Россия Федерациясида Марказий банк давлат Думаси қарори асосида текширилади.

Қонун лойиҳаси билан Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини мажбурий келишиш ҳамда кредит ташкилотлари учун пруденциал нормативларни, корпоратив бошқарувни, таваккалчиликларни бошқариш тизимига доир ва бошқа талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш таклиф этилмоқда. Жумладан, Марказий банк юридик хизмати ижобий хулосаси асосида қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўн кун ичида соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан молия бозорида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар шароитида тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш мақсадида Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини кучга киришига оид қоидалар белгиланмоқда.
Муҳокамаларда сўз олган депутат Нодир Жумаев Марказий банк мустақиллиги мамлакат иқтисодиёти, молия сиёсатида муҳим эканлигини қайд этди. Бу илмий тадқиқотларда ҳам, халқаро тажрибада ҳам ўз исботини топган. Марказий банкнинг валюта ва нархлар барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, шунингдек, тезкор қарор қабул қилишининг аҳамияти долзарб. Шу маънода мазкур ҳужжат лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, уни қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлади.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, ҳужжат лойиҳасидаги нормалар банк тизимидаги таваккалчиликларни самарали бошқариш, назорат механизмларини кучайтириш ва замонавий халқаро амалиётларни жорий этишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, банк ва тўлов тизимлари барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг долзарблиги алоҳида қайд этилиб, иккинчи ўқишда ҳам қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА