Марк Леонард: Ғарб парчаланди, Европа мустақил кучга айланмоқда
Европа Халқаро муносабатлар кенгаши директори Марк Леонард “Politico” нашри мухбирига, жумладан, шундай деган: – Демократия ва либерализмга асосланган халқаро тартиб амалда қулади ва биз ўнлаб йиллар давомида билган бирлашган Ғарб энди йўқ.
Унинг фикрича, Трамп маъмурияти олиб бораётган сиёсат трансатлантик ҳамкорлик парчаланишини тезлаштирди ва Америка Қўшма Штатларига, ҳатто, Европадаги иттифоқчилар ишончини ҳам йўқотди.
– Ҳозир европаликларнинг фақат олтидан бир қисми АҚШни иттифоқчи, деб билади, – дейди эксперт. – Масалан, Германия, Франция ва Испанияда бу кўрсаткич 30 фоиздан кам, Швейцарияда 39 фоиз. Шу билан бирга Европа Иттифоқига нисбатан ҳам салбий муносабат кучаймоқда. Россияда эса Америкага нисбатан адоват камайган.
Леонард таъкидлашича, Киев хавфсизлик борасида энди АҚШ эмас, балки Европага кўпроқ таянмоқда. Украина фуқароларининг қарийб учдан икки қисми ЕИ билан мустаҳкам алоқа ўрнатилишини кутади, фақат учдан бири Вашингтонни қулай шерик деб ҳисоблайди.
Сиёсатчи халқаро майдонда Хитойнинг таъсири кучайиб бораётганига ҳам эътибор қаратган. Жанубий Африка, Бразилия, Туркия ва Ҳиндистонда кўпчилик Пекин Америкага нисбатан ишончли, деб билади. Эксперт кўҳна қитъа мустақил куч қутбига айланиши мумкинлиги ёки глобал сиёсатда четга сурилиши хавфи борлигини таъкидлайди. Бир сўз билан айтганда, европаликлар аллақачон мудофаа харажатини кўпайтириш, ҳарбий хизматни қайта тиклаш ва ҳатто, ўз ядровий тийиб турувчи воситаларини яратишни қўллаб-қувватламоқда.
Марк Леонард вазият тубдан ўзгаргани, энди Ғарб “ўйин қоидаси”ни алоҳида ўзи таклиф қила олмаслигига урғу бериб, мақолага шундай хулоса қилган:
– Бундай дунёда сиз ё ўз таъсир доирангизга эга қутбсиз ёки бошқа бировнинг таъсир доирасидаги кузатувчисиз!
С.Раҳимов, ЎзА