Мария Тимофеева хитойлик теннисчи билан ўйнайди
Мексиканинг Монтеррей шаҳрида теннис бўйича WTA 500 туркумига кирувчи “Monterrey Open” мусобақасининг мукофот жамғармаси 1 миллион 206 минг 446 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Ушбу турнир саралашининг ҳал қилувчи босқичида Ўзбекистоннинг биринчи ва иккинчи ракеткалари — Камилла Раҳимова ҳамда Мария Тимофеева ўзаро баҳс олиб борди.
Уч сет давом этган учрашувда аввал К.Раҳимова 6:3 ҳисобида ғалаба қозонди. М.Тимофеева эса иккинчи сетда худди шу ҳисобда жавоб қайтарди. Ҳал қилувчи учинчи сетда ғолиб тай-брейкда аниқланди. Унда Мария 7:6 ҳисобида зафар қучди ва “Monterrey Open” асосий тўрида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, бу теннисчилар ўртасидаги учинчи учрашув бўлди. Ўзаро баҳслардаги ҳисоб 2:1 кўринишига келди. Мария эса Камилла устидан илк бор ғалаба қозонди.
Нуфузли мусобақанинг асосий тўр биринчи даврасида Мария Тимофеевага хитойлик Чжан Шуай рақиблик қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА