Мария Тимофеева "US Open-2026"даги илк рақибини билиб олди
US Open-2026 турнирининг асосий баҳслари олдидан ўзбек теннисчиларининг дастлабки рақиблари аниқланди. Юқори мукофотли ушбу мусобақада уларни қандай синовлар кутмоқда?
Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи “US Open-2026” турнирининг саралаш баҳслари якунланиб, асосий тўрга йўл олган теннисчилар номи аниқланди.
Мукофот жамғармаси 108 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақанинг аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида тўғридан-тўғри асосий тўрдан иштирок этадиган ҳамюртимиз Мария Тимофеева биринчи даврада словениялик Тамара Зиданшекка қарши майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, “US Open-2026”да Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова ҳам иштирок этмоқда. У мусобақадаги илк учрашувини чехиялик Барбора Крейчиковага қарши ўтказади.
Маълумот учун, “US Open-2026” турнирининг аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида биринчи даврада мағлуб бўлган теннисчи 140 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пулига эга бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА