Маърифат – инсон маънавияти чўққисидир
Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Калон” маҳалла фуқаролар йиғинида "Жаҳолатни маърифат билан енгамиз" мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Э. Мажидов, туман ҳокими ўринбосари А. Қазоқов, Диний ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари, РМММ туман бўлинмаси раҳбари Д. Ғаффорова, маҳалла фаоллари, умутаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, маҳалла ёшлари етакчилари, имом хатиблар, отинойилар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими ўринбосари Э. Мажидов ривожланаётган давлатимизга жаҳон мамлакатлари мутахассислари билан бемалол рақобатлаша оладиган интеллектуал салоҳият эгаси бўлган ижодий фикрловчи, маънавияти юксак шахслар зарурлигини таъкидлади. Зеро, маънавияти юксак шахс ҳар хил оқимларга қўшилмайди, аниқроғи, жаҳолат таъсирига берилмайди. Маърифат инсон маънавиятининг чўққиси бўлса, жаҳолат унинг акси инсон зотининг заволи, кушандасидир.
Туман ҳокими ўринбосари А. Қазоқов ўз сўзида ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг турли жойларида рўй бераётган иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасидаги ўзгаришлар, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, барчамизга аёнки, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Шунингдек тадбирда асосан туманда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш ва саодатманд кунларимизга шукроналик мавзуларида Диний ишлари бўйича қўмита мутахасислари Й. Саломов, Ҳ. Норбоев, Э. Қудратов ҳамда психолог З. Ашуровалар маърузалари тингланди. Мавзу доирасида видеолавҳалар намойиш этилди.
Инсоннинг инсонлиги, биринчи навбатда, унинг маънавий ахлоқий жиҳатдан баркамоллиги, поклиги билан белгиланади. Маънавияти юксак инсон ота-онаси, фарзандлари, қариндошлари, оила аъзолари, қўни-қўшнилари, маҳалла-куй, қишлоқдошлари ва бутун мамлакат, халқ фаровонлиги ҳақида қайғуради. Умуман олганда, Ўзбекистонда жамиятни тубдан янги демократик асосларда қуриш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш халқнинг дунёқараши, маънавияти билан бевосита боғлиқдир. Маҳалладаги фахрийлар Б. Усмонов ҳамда А. Тиллаевлар ҳам ёшлар тарбиясида барчамиз бирдек масъул эканлигимиз ва бирлашиш ҳамда бефарқлик каби иллатни орамизда йўқотиш кераклиги тўғрисида сўз юритди.

– Ватанимиз тарихига назар ташласак, ўзбек халқи ҳақиқий мардлик, қаҳрамонлик кўрсатганини кўриш мумкин, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон тумани бўлинмаси раҳбари Д.Ғаффорова. – Бу мардлик, бу қаҳрамонликлар, дониш-у донишмандликлар замирида она-халқимизнинг асрлар давомида маърифатга интилгани, юксак миллий маънавият соҳиби бўлгани мужассам. Юқорида зикр қилинган барча фикр ва мулоҳазалардан шуларни хулоса қилишимиз мумкинки, маънавий-ахлоқий негизлар мустақил Ўзбекистонимизни ривожлантиришда асосий омиллардан биридир. Маърифатга интилиш – юксак маънавиятга эришишнинг муҳим пойдевори ҳисобланади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ни қурол қилган аждодларимиздан бизгача етиб келган бой маънавий мерос ўзига хос нажот қалъаси, ҳимоя қўрғони вазифасини ўтайди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси
ЎзА