Марҳаматлик пиллакорлар мўл ҳосил етиштирди
Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи, пилла эса енгил саноат учун муҳим хомашё ҳисобланади. Шу боис ҳам, юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шу кунларда Андижон вилоятнинг барча туманларида ипак қуртини боқиш, етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Марҳамат туманида жорий йилда 5 минг 194 қути ипак қурти парваришланиб, 312 тонна пилла етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

– Президентимиз томонидан ипакчиликни ривожлантириш, шу орқали, аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш бўйича қатор вазифалар белгиланган, – дейди Марҳамат тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Хафизахон Мамаризаева. – Туманимизда ана шу йўналишдаги ишлар самарали олиб борилмоқда. Айниқса, пилла парваришига хотин-қизларни жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда мазкур соҳада доимий иш олиб бораётганлар билан бирга, 2 минг 510 минг нафар киши мавсумий ишларга жалб этилган. Уларга амалдаги тартиблар асосида иш стажи юритилмоқда.

Дарҳақиқат, туманда белгиланган пилла режасини бажариш учун зарур ишлар олиб борилди. Жумладан, “Марҳамат ипак тола” кластер корхонаси билан ҳамкорликда мавжуд 400 гектардан зиёд майдондаги тутзорларни парваришлаш, мўл ва сифатли озуқа олиш, уруғчилик лобораториялари ишини самарали ташкил этиш, ҳудудлардаги “Лидер агроном аёллар”ни, касаначиларни ўқитиш, пилла етиштирувчиларга зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди.
– Мавсум бошида туманда фаолият олиб бораётган 7 та инкубаторияда 5 минг 194 қути сифатли уруғ жонлантирилиб, 2 минг 500 нафардан зиёд касаначи ҳамда 150 та фермер хўжалигига етказиб берилди, – дейди туман “Пилла” корхонаси раҳбари Алимардон Аҳмедов. – Ҳар бир касаначи, фермер хўжалигига парваришлаётган ипак қурти учун зарур озуқа, яъни тут плантациялари ажратиб берилди. Ипак қурти боқилаётган хонадонлар, хўжаликларга парвариш жараёнида туман “Пилла” корхонаси участка агрономлари яқиндан ёрдам кўрсатди, зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб борди. Натижада бугун барча ҳудудларда мўл ҳосил етиштирилиб, ҳосилни йиғиб олиш ишлари бошланди.

Туманнинг аксарият массивлари, хусусан, Пахтакор, Машъал, Бобур, М.Тожибоев массивларида мазкур йўналишдаги ишлар намунали тарзда олиб борилмоқда. Масалан, М.Тожибоев массиви Бобоҳуросон маҳалласида 18 та оила ипак қурти парвариши билан машғул. Умуман, ушбу хонадонлар кўп йиллардан буён пилла етиштириш билан шуғулланиб келади.
Маҳалланинг “Тош йўли” кўчасида истиқомат қилувчи Эркинжон ва Холойим Маъмирова оиласи эса ипак қурти боқишнинг ҳадисини олган фидойи инсонлар. Ҳар иккисининг ҳам жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, фарзандлари билан биргаликда кўп йиллардан буён касаначилик асосида ипак қурти парваришлаб келади.

Оила бекаси Холойим опа бу касбни нафақат тирикчилик манбаи, балки авлодлардан ўтиб келаётган анъана сифатида ҳам қадрлайди. Чунки бу ишнинг сирларини дастлаб бувиси, кейин онаси, ундан кейин эса қайнонасидан ўрганган. Ўз навбатида у қизлари, келинларига ўргатди, ўргатиб келади.
– Эсимни таниганимдан буён шу иш билан шуғулланаман, – дейди Холойим Маъмирова. – Ипак қурти боқишга онам жуда уста эди. Ундан кўп нарса ўрганганман. Умуман, кўп йиллар давомида пилла етиштириб, кам бўлмадик. Бутун оиламиз билан бир ой шу иш билан астойдил шуғулланамиз. Даромади ҳам ёмон эмас, энг муҳими ҳалол ва баракали.
Туманнинг Машъал массивида иш олиб бораётган касаначи Равшанбек Нишонов тумандаги энг илғор пиллакорлардан бири ҳисобланади.
– Хонадонимиздан ташқари, бу йил далада, яъни тут плантацияси яқинида ҳам алоҳида қуртхона ташкил этдик, – дейди Равшанбек Нишонов. – Умуман, бу йили 26 қути ипак қурти парваришлаяпмиз. Ҳосилимизнинг чўғи катта, бир икки кун ичида пилла теришни бошлаймиз, насиб этса режани, албатта, ортиғи билан бажарамиз.
Авваллари пиллакорлар топширган пилласи учун йиллар давомида пулини ололмасдан сарсон бўлар эди. Эндиликда бундай муаммо тўла бартараф этилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, “Марҳамат ипак тола” кластер корхонаси томонидан топширилган пилла учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш йўлга қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган марҳаматлик пиллакорлар ҳар йилдагидан-да мўл ҳосил олиш учун меҳнат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.