Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳокама этилди
Тошкент шаҳрида «Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференция хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон тажрибасини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни ўзаро алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Конференция иши икки асосий сессия доирасида ташкил этилди. Биринчи сессияда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат дастурлари ва ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки муҳокама қилинди.
Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш омили сифатида ривожлантириш, давлат органлари, Савдо-саноат палатаси ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг самарали механизмлари, ёш хотин-қизларнинг лидерлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан маърузалар тингланди. Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги бўйича Озарбайжон тажрибаси ҳам тақдим этилди.
[gallery-30081]
Иккинчи сессия давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик механизмларига бағишланди. Унда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик, хотин-қизлар ҳунармандчилиги, тўқимачилик саноатида аёллар етакчилиги, коррупцияга қарши курашиш, гендер-инклюзив иқтисодий ташаббуслар, тадбиркор аёллар ташкилотларининг минтақавий ҳамкорлиги ҳамда туркийзабон мамлакатлар аёллари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Конференция доирасида аёлларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес ва лидерлик кўникмаларини ривожлантириш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ҳуқуқий, ахборот ва маслаҳат хизматларидан фойдаланишини яхшилаш бўйича амалий таклифлар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, миллий ва халқаро тажрибаларни уйғунлаштириш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги ва ижтимоий ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган хулоса ва таклифлар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА