Марғилонда туманлараро перинатал марказ иш бошлади
Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлими негизида бир вақтнинг ўзида 150 нафар туғуруқ ёшидаги аёллар учун хизмат кўрсатадиган туманлараро перинатал маркази фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида сўз олган Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Файзуллажон Қосимов она ва бола саломатлигини таъминлаш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этиб, фойдаланишга топширилаётган маскан ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.


Шундан сўнг фаоллар иштирокида рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар туғуруқ комплексида яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Марғилон туманлараро перинатал маркази Марғилон шаҳри, Тошлоқ, Қўштепа, Риштон ва Ёзёвон туманларидаги юқори малакали тиббий хизмат олишга муҳтож ҳомиладор, аёллар ва чақалоқларга перинатал тиббий хизмат кўрсатади. Туғуруқ комплексини реконструкция қилиш, моддий-техника базасини яхшилаш учун жами 9,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Ушбу бинода 6 ўринли чақалоқлар реанимацияси бўлими ҳам жой олди.


Президентимизнинг 2021 йил 29 июлда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вилоят ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич республикада 46 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказларини ташкил этиш белгиланган.
Жумладан, вилоятда 3 та – Қўқон, Марғилон шаҳарлари туғуруқ комплекслари ва Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлари ташкил этилди.

М.Сулаймонов, ЎзА