Марафондан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркасигача
Бухорода “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” доирасида юриш марафони ҳамда “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарлари имтиёзлари натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилди.
Дастлаб бухоролик хотин-қизлар қадим шаҳар бўйлаб юриш марафонини ўтказди.
Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган ушбу марафонда вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ферузахон Ибрагимова бошчилигида маҳаллий ҳокимликлар масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари ва аёл ходимлари, талаба ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари фаол қатнашди.
Соғлом турмуш тарзини саломатлик асоси деб билган опа-сингиллар эрта тонгдан “Лаби Ҳовуз” мажмуаси ёнида жамланиб, “Арк” қўрғонига қадар бўлган масофага қадар юрди.
“Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарлари рўйхатларида турган, ўз ҳунари ва ташаббускорлиги билан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар ярмаркаси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда озиқ-овқатлар ва тайёр маҳсулотлар, қўл иши билан яратилган миллий ҳунармандчилик намуналари билан 70 га яқин меҳнатсевар хотин-қизлар қатнашди.
[gallery-6124]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат) ЎзА