Марҳаматда чия бўрилар кўпайиб кетдими?...
Бундай хабар ҳар қандай инсоннинг этини бир жунжиктириши аниқ.
"Маҳалламизда чиябўрилар кўпайиб кетди, уйимизга ҳам кирмоқда".
Бундай хабар ҳар қандай инсоннинг этини бир жунжиктириши аниқ. Мен ҳам ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган бу фикрлардан тажжубга тушганим рост.
Қишда тоғлардан бўрилар ёки чиябўрилар қишлоқларга тушиб келгани ҳақида эшитганман, лекин ёзда... бундай ҳолат юз бериши етти ухлаб тушга кирмаслиги аниқ. Шу боис Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига мурожаат қилдик. Зеро, бу мурожаатни Марҳамат тумани Дурафшон МФЙда яшовчи фуқаролар томонидан юборилган.
Марҳамат туман ҳокимлиги матбуот хизматидан ЎзА мухбирига маълум қилишларича, Дурафшон маҳалласида чиябўрилар кўпайиб кетганлиги, уйларигача кираётганлиги ҳақидаги ҳолат туман ҳокимлиги, ИИБ профилактика инспектори, туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасининг (дайди ва уй ҳайвонларини тутиш бўлими) овчиси ҳамкорлигида жойига чиқиб ўрганилган.
Вакиллар Дурафшон маҳалласида яшовчи аҳоли билан суҳбатлашганда, бу ҳудуд даладан 4 километр узоқликда жойлашганлиги, аҳоли барча кўчаларда тўлиқ истиқомат қилиши ҳамда кўп хонадонларда итлар боқилиши инобатга олинса, аҳоли яшайдиган ҳудудларга чиябўрилар келмаслиги аниқланди.
Ахборот хизмати вакиллари агар шундай ҳолатлар яна юз берса, атрофда чиябўрилар кўринса туман ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасининг (дайди ва уй ҳайвонларини тутиш бўлими)га қўнғироқ қилишни илтимос қилмоқда.