Мақсадсиз иш доимо инқироз билан тугайди
Маълумки, банк фаолияти Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида энг тез суръатларда ривожланаётган тизимлардан биридир.
Бироқ, банклар томонидан маълум соҳаларни ривожлантириш мақсадида ажратилган имтиёзли кредитларни айрим тадбиркорлар бошқа мақсадларда сарфлаб юбормоқда.
Бугунги кунда Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан банклар фойдаси кредит қарзи ундирувлари билан боғлиқ ижро ишлари алоҳида назоратга олинган, жисмоний ва юридик шахсларга юзага келган қарздорликни доимий равишда тўлаб бориш, акс холда, қонунчиликда назарда тутилган таъсир чоралари кўрилиши мумкинлиги юзасидан мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилади.
Ҳозирда аксарият юридик шахслар томонидан кредит қарздорликлари ўз вақтида тўлаб борилиши таъминланаётган бўлса-да, ўз мажбуриятини бажармаётган шахслар ҳам топилмоқда.
Маълумот учун, 2022 йил давомида бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси Қидирув шўбаси ходимлари томонидан банк кредит қарздорлиги ундирув билан боғлиқ жами 58 млрд. 869 млн. сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича қидирув эълон қилинган 144 дона автотранспорт воситалари топилиб, кейинги ижро ҳаракатларини амалга ошириш мақсадида жарима майдончаларига жойлаштирилган.
Жумладан, бюронинг Фориш туман бўлим иш юритувидаги ижро ҳужжатларига асосан қарздор «Боғдон агро бизнес» МЧЖ ҳисобидан кредит қарздорликни ундириш юзасидан жамият раҳбарига бир неча маротаба огоҳлантиришлар берилган бўлса-да, зиммасидаги мажбуриятни бажармасдан, жамият балансида бўлган автотранспорт воситаларини ҳам ихтиёрий равишда тақдим қилмасдан, қасддан яшириб келган. Натижада, қарздор жамиятга тегишли автотранспорт воситалари қидирувга берилган ва 3 дона "HOWO" русумли бетоносместител, бир дона "SHACMAN" русумли монипулятор автотранспорт воситаси топилиб, вақтинча жарима майдонига қўйилган. Эндиликда ушбу автотранспорт воситалари электрон онлайн аукционда сотилиб, тушган пулдан кредит қарздорлиги ва бошқа ундирувлар қопланади.
Ҳаракатлар давомида ижро ҳужжатида кўрсатилган талаблар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли жамият раҳбарига «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 1981-моддаси билан базавий ҳисоблашнинг 10 баравари миқдорида маъмурий жазо чораси қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ушбу жамият раҳбари томонидан кредит қарздорлиги белгиланган мақсадда сарфланганида ва ўз вақтида тўлаб борилганида шу каби ортиқча харажатлар ва ҳаракатлар амалга оширилмас эди.
ЎзА