“Мақсадим, олимпия чемпиони бўлиш”
Ўзбекистон ёшлари чиниққан, ўз устида ишлайдиган, рағбат ва имкониятлардан оқилона фойдалана олаётган ёшлардир. Улар муваффақият сари қанчалик интилса, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам шу қадар кенг ва доимийдир.
Ана шундай ёшлар орасида Қарши давлат университети Жисмоний маданият факультети 4-босқич талабаси Давурхон Кароматов ҳам бор. У Парадзюдо бўйича 7 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпиони ҳисобланади. Жорий йилнинг 12-13 май кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида парадзюдо бўйича Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколар берувчи халқаро Гран-При мусобақасида -81 килограмм вазнда олтин медални қўлга киритди.
Мазкур натижа орқали парадзюдо бўйича дунё рейтингида ўз вазн тоифасида 1-ўринга чиқди. У куни кеча Президент фармони асосида “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби бўлди. Ушбу мукофот соҳиби ЎзА мухбирига қалб кечинмаларини гапириб берди.
– Қашқадарё вилояти Косон туманида туғилганман, – дейди Давурхон Кароматов. – Болалигимдан буён спортга ошноман. Етти ёшимда отам қўлимдан ушлаб кураш залига олиб борган. Шу-шу курашнинг дзюдо тури билан мунтазам шуғулланиб келаман. Албатта бошида қийналганман. Ҳатто залга бормайман, деб уйдагиларга хархаша қилган пайтларим ҳам бўлган, лекин кейинчалик ўзимда спортга бўлган меҳр ошди ва бугунги кунга келиб у ҳаётимнинг мазмунига айланиб қолган.
Ўтган йиллар давомида чеккан машаққатларим самарасиз кетмади. Дзюдо бўйича ўтказилган мамлакат биринчилиги, Ўзбекистон чемпионати ва кўплаб халқаро мусобақа ҳамда турнирларда фахрли ўринларни қўлга киритдим. Масалан, 2017 йилда илк бор парадзюдо бўйича Осиё чемпионатида қатнашиб, катталар ўртасида иккинчи ўринни эгалладим.
2019-2020 йиллар орасида уч карра катта дубулға турнирида, бир марта Осиё ва Океан орти давлатлари ўртасида биринчи ўринни қўлга киритдим. 2021 йил май ойида Бокуда бўлиб ўтган парадзюдо бўйича катта дубулға турнири якуний мусобақамиз бўлди ва шунда паралимпия ўйинларида иштирок этиш имконини берувчи асосий очколарни қўлга киритдим.
Куни кеча Президентимиз билан бўлган учрашув ва тақдирлаш маросими менда катта таассурот қолдирди. Кўпчилик фаол ёшлар қаторида менинг ҳам қўлга киритган камтарона ютуқларимни юксак қадрлаб, “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирладилар. Ўша ондаги хурсандчилигимни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Гуё нуфузли мусобақада энг юқори мукофотни олгандек ҳис қилдим ўзимни.
Мукофотни топширар экан, Президентимиз менга яқин келиб, сиздан энди олтин медални кутиб қоламиз, дедилар. Менга билдирилган бу ишончни Токио олимпиадасида албатта оқлашга, давлатимиз байроғини юксакларга кўтаришга, бутун арена бўйлаб ватанимиз мадҳиясини баралла янграши учун бор куч ва имкониятим билан ҳаракат қиламан. Ўша дақиқалардан бошлаб ушбу мақсадим янада қатъийлашди. Келажакдаги энг катта орзу ва мақсадларимдан бири ҳам олимпия чемпиони бўлиш.
Дарҳақиқат, кечаги учрашув биз ёшларни янада кучлироқ руҳлантирди, мотивация берди. Ҳукуматимиз томонидан яратилаётган бу каби имкониятлар ва шароитлар учун миннатдормиз.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА