Мақсадга интилиб яшаш хайрлидир (+видео)
Юртимизда аҳолининг, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу турдаги фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда ҳудудларда ташкил этилган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва маҳалладаги ижтимоий ходимлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга манзилли ёрдам кўрсатилиб, улар касб-ҳунарга ўқитилмоқда, бандлиги таъминланмоқда.
Нурота туманининг Ғафур Ғулом маҳалласида истиқомат қилувчи Жалолиддин Соҳибов гарчи бошига мусибат тушса ҳам олға интиладиган, жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қиладиган юртдошларимиздан бири. У автоҳалокат туфайли тўшакка михланиб қолган бўлса-да, ўзининг кучли иродасини намоён этиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
Ижтимоий ходим томонидан оила индивидуал ёндашув асосида комплекс баҳоланиб, ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Жумладан, Жалолиддинга реабилитация техник воситаси олиб берилиб, вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказига йўлланма берилди.
– 2018 йилда автоҳалокатга учраганимдан кейин, ҳаракатларим анча суст эди. Ўзим мустақил ҳаракат қилолмасдим, – дейди Ж.Соҳибов. – Кейинчалик ўз олдимга мақсад қўйдим. Фақат олдинга интилиш, оёққа туришим керак деб. Ижтимоий ходим келиб, хабар олиб турибди. Даволанишим учун реабилитацияга олиб бориб келмоқда. Авваллари, аравачада кўчага чиқишга уялар эдим, ҳозир ҳаммаси ортда қолди. Маҳаллага электр скутер беринглар ёки маблағ ажратинглар, тадбиркорлик қилай, деб мурожаат қилгандим. Уйда бекор ўтириш кишини эзиб ташлар экан. Скутер олгандан кейин маҳалламизда очилган иссиқхонадан помидор олиб кўчаларга айланиб сота бошладим. Бозорга олиб чиқиб сотдим. Балиқ мавсумида Айдаркўлдан балиқ келтирдим. Қовун-тарвуз сотаман. Даромад ёмон эмас. Инсон бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак. Одам доимо ҳаракатда бўлиши керак.
Ҳозирда Нурота туманида 4014 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 212 нафари реабилитацияга юборилган бўлса, 248 нафарига протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари олиб берилган.
[gallery-20078]
– Мен учта – Ғофир Ғулом, Миришкор ва Нуробод маҳаллаларига хизмат кўрсатаман, – дейди ижтимоий ходим Гулмаира Азимова. – Бу маҳаллаларда 9 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 439 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларидир. Хонадонларда хатлов ўтказиш жараёнида улардаги муаммолар, таклифлар ўрганилиб, ҳозирги кунга қадар 40 та кейс очилган. Уларнинг қизиқишлари инобатга олинган ҳолда чора-тадбирлар белгилаганмиз. Жумладан, Жалолиддин Соҳибовга ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда имтиёзли кредит асосида электр скутер олишига ёрдамлашдик. Бугунги кунда у оиласи билан кўчаларни айланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотмоқда. Шунингдек, бозорда ҳам соғлом инсонлар билан биргаликда савдо растасида хизмат қилади. Яқинда соғлигини тиклаши учун Навоий шаҳридаги реабилитация марказига йўлланма ажратдик.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HbgSJ0EXGvs" title="Maqsadga intilib yashash xayrlidir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳа, бугун Жалолиддин турмуш ўртоғи билан биргаликда кўчма озиқ-овқат дўконини ташкил қилиб, элга хизмат қиляпти. Асосийси, оиланинг молиявий ҳолати яхшиланиб, даромадлари ошиб бормоқда. Бундан руҳланаётган Жалолиддин эса фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари