Мақсад йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш
Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси томонидан Қарши шаҳрида жамоат транспорти фаолиятини яхшилаш бўйича амалга оширилажак ишлар билан таништириш мақсадида бир гуруҳ ОАВ ходимлари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар учун Қарши темир йўл вокзали бекатида кўргазмали тақдимот ташкил этилди. Сўнг Қарши шаҳридаги “Ислом Каримов” кўчасида қурилган ақлли бекат билан танишилди ва ҳудди шу кўчада автобуслар ҳаракати учун ташкил этиладиган махсус йўлак бўйича тақдимот қилинди.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари ижроси доирасида ўтган йилда вилоятга тадбиркорлар томонидан жами 80 дона янги автобус сотиб олиб келинди. Жумладан, Қарши туманида фаолият кўрсатаётган “Шарофиддин Нурилло” МЧЖ томонидан Хитой Халқ Республикасидан жами 30 дона катта ҳажмли “GOLDEN DRAGON” русумли автобуслар келтирилди ва Қарши шаҳридаги 1- ва 7-шаҳар ичи автобус йўналишларига жойлаштирилди.
Бундан ташқари, Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган “TRANS AVTO QARSHI” унитар корхонаси томонидан 50 дона ISUZU русумли автобуслар вилоятга олиб келинган бўлиб, бугунги кунда ушбу автобусларни харид қилиш учун кредит маблағлари ажратилиши бўйича иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида 2020 йилда Қарши шаҳрида 34 та, Қарши туманида 4 та, Қамаши туманида 4 тадан янги замонавий типдаги ақлли бекатлар тадбиркорлар томонидан қуриб ишга туширилди.
Пресс-тур доирасида иштирокчилар Косон туманида фаолият кўрсатаётган “Косон транс сервис” МЧЖ томонидан ташкил этилган янги автотранспорт комплекси фаолияти билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Шундан сўнг ОАВ ходимлари ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида вилоятда Транспорт вазирлиги ва Тошкент транспорт университетидан бириктирилган ишчи гуруҳ томонидан биринчи босқичда Қарши шаҳрида мавжуд 44 та йўналишли такси йўналишлари қайтадан кўриб чиқилган. Ушбу йўналишлар ўрнини тўлиқ қоплайдиган 15 та автобус йўналишлари аниқланиб, уларнинг схемалари чизиб тайёрланди.
Қарши шаҳар ичи транспорт моделини яратиш, шаҳарда мавжуд тирбандликларни бартараф қилиш мақсадида, шаҳарга бошқа вилоятлардан ва туманлардан кириб келадиган 6 та йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи ташиш транспорт воситалари келиб тўхташлари учун 5 та ҳудудда янги автостанция қуриш учун ер майдонлари Қарши шаҳар ҳокимининг тавсиясига асосан танлаб олинди. Ҳозирги кунда ушбу ҳудудларда автостанцияларни қуриш учун салоҳиятли тадбиркорлар танланмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан вилоят бўйича янги транспорт моделини яратиш мақсадида вилоятдаги барча шаҳар ва туманларнинг жами 343 та йўловчи ташиш йўналишлари қайта инвентаризациядан ўтказиб чиқилди ва қишлоқ билан туман марказини, туман маркази билан вилоят марказини боғловчи йўналишлар ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.
[gallery-827]
Ў.Баротов, Ж.Норқобилов(сурат), ЎзА