Мақсад тадбиркорликни ривожлантиришдир
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра ҳудудларда амалга оширилаётган тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ташаббусларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш орқали кичик ва ўрта тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсад қилиб белгиланган. Бунинг учун ишлаб чиқариш корхоналарига 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада миллий валютада кредит маблағлари ажратилиши белгиланди.
Тизимдаги амалга оширилаётган ишлар юзасидан Республика ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги маҳаллаларда ўрганишлар олиб бормоқда. Дастлаб республикадан бириктирилган вакиллар М.Ашрафий маҳалласида бўлди.
“Маҳалла еттилиги”нинг фаолияти билан танишиш асносида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчисига аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисига маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлаш, ҳудуддаги солиқ қарздорликларини ундириш борасидаги ишларни амалга ошириш, профилактика инспекторига жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан ўз фикрлари ва тавсияларини берди.

Жумладан, Бухоро шаҳрида фаолият олиб бораётган “Тешавой Абдураззоқ” хусусий корхонаси имтиёздан фойдаланиб, барча турдаги юмшоқ мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйди. 800,0 миллион сўм кредит маблағлари ҳисобига корхона зарур ускуналар билан таъминланди.
Ҳозирда, “Тешавой Абдураззоқ” хусусий корхонаси томонидан йилига қиймати 1,7 миллиард сўмлик 2,5 минг дона тайёр мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Ўрганишлар Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам давом этди. Мазкур маҳалла учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 1,9 миллиард сўм кредит маблағлари йўналтирилган бўлиб, бугунги кунга қадар ҳудуддаги ишсиз 62 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 1,5 миллиард сўм кредит ажратилган.
Хусусан, паррандачиликни ривожлантириш, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қўзиқорин етиштириш, тикувчилик, хизмат кўрсатиш ва тиббиёт йўналишларга кредитлар йўналтирилган бўлиб, бу орқали 60 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

Республика ишчи гуруҳи Бухоро шаҳрига бириктирилган вакилларининг ўрганишлари Наврўз маҳалласида ҳам олиб борилди. Хусусан, вакиллар “NARGIZA DESING” МЧЖ раҳбари Наргиза Аллакова билан суҳбатда бўлди. Тадбиркор 3 йил олдин “Аёллар дафтари”да бўлиб, дастлаб 33,0 миллионлик кредит асосида ўз иш фаолиятини бошлаганди.

– “Халқ банки” АТБ томонидан ажратилган кредитлар асосида ўз фаолиятимни янада ривожлантириб бугунги кунда 10 нафар фуқарони доимий иш билан таъминладим, – дейди Наргиза Аллакова. – Келгуси фаолиятимда қўшимча равишда 15 нафар фуқарони иш билан таъминлашни режалаштирганман. Бугунги кунда хотин-қизлар билан замонавий пардалар ва жалюзалар тикиб, ҳунаримни уйда ўтирган хотин-қизларга ҳам ўргатмоқдаман.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири