Мақсад расмий бандликни таъминлаш
Бухорода БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма ташаббуси доирасидаги “Ўзбекистонда муносиб меҳнат ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимояни тезлаштириш орқали расмий бандликка адолатли ўтишни таъминлаш” дастури доирасида хотин-қизлар учун янги ўқув дастури бошланди.
Дастур норасмий секторда фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнесини расмийлаштириш ва барқарор бандликка ўтишларига кўмаклашишни мақсад қилади. Дастур БМТ Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, EKVITA Italia ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
– Дастур хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, ўз бизнесини расмий рўйхатдан ўтказиш, бошқариш ва ривожлантириш учун амалий билим ва кўникмаларни шакллантириш, иштирокчиларни очиқ ва холис танлов асосида саралаш орқали энг фаол ва салоҳиятли аёлларни аниқлаш, энг фаол иштирокчиларни 2026 йилдаги мини-грант дастури орқали қўллаб-қувватлаш вазифаларини амалга оширишга йўналтирилган, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилбар Аҳмедова. – Ўқув жараёни жорий йилнинг 14 ноябридан Бухоро шаҳрида 10 кунлик (40 соатлик) амалий тренинглар бошланади. Машғулотлар ўзбек тилида интерактив усулларда олиб борилади. Дастурда бизнесни расмийлаштириш асослари ва рўйхатдан ўтказиш тартиблари, бухгалтерия ҳисоби ва солиқ мажбуриятлари, молиявий ва рақамли саводхонлик, маркетинг ва ижтимоий тармоқларда илгари суриш усуллари, иш ва оила ўртасидаги мувозанат, етакчилик ва вақтни бошқариш мавзуларни қамраб олади.
[gallery-26256]
Ўқувни якунлаган ҳар бир иштирокчи бизнесини расмийлаштириш бўйича шахсий ҳаракат режасини ишлаб чиқади. Энг фаол ва самарали иштирокчилар кейинчалик БМТ Тараққиёт дастурининг 2026 йилдаги кичик грантлар дастури орқали молиявий кўмак олиш имкониятига эга бўлади.
Дастур Самарқанд, Бухоро ва Қарши шаҳарларида ўтказилиб, жами 60 нафар хотин-қизни (ҳар бир ҳудуддан 20 нафар) қамраб олади.
Лойиҳанинг асосий мақсадлари хотин-қизлар ўртасида молиявий ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, расмий бандликка ўтиш учун амалий билим ва кўникмаларни бериш, аёллар томонидан бошқариладиган расмий бизнеслар сонини кўпайтиришдан иборат.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА