Мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш
Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармасида "Жорий йилнинг 3 ойи даврида амалга оширилган ишлар, шунингдек, мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар" мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Суръат Жаббаров тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, судлар ва бошқа ваколатли органларнинг мулкий ва номулкий ундирувлар билан боғлиқ қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш, шу жумладан ваколатли органлар томонидан давлат фойдасига ундирилиши белгиланган маблағларни мажбурий ундириб боришга қаратилган барча чора-тадбирлар бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда Бюронинг вилоят бошқармаси органлари тизимида жами 214 ходим (шундан 156 та давлат ижрочилари) фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 3 ой давомида жами 105 минг 185 та ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, улар бўйича ижрога қаратилган мажбурий мулкий ундирувларнинг умумий суммаси 1 триллион 460 миллиард сўмни ташкил этган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида жами 618,4 миллиард сўмлик 33 минг 975 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, амалда ундирилган тўлов ва қарздорликлар миқдори 292,7 миллиард сўмни ташкил қилади.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 3 ой давомида давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ жами 15 минг 483 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, амалда 91,7 миллиард сўми ундирилиши таъминланди.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қўвватлаш учун ҳисоб рақамларига 2022 йилнинг январ-март ойларида 5 миллиард 187 миллион сўм йўналтирилди.
Қўйилган талаблардан келиб чиққан ҳолда кўрсатилган даврда хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ қарздорлигини мажбурий тартибда ундириш билан боғлиқ 2 минг 739 та ижро ҳужжати юзасидан 73 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағларнинг амалда ундирилиши таъминланди.
Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахслар фойдасига ҳокимликлардан 4,2 миллиард компенсация пуллари тўлиқ ундирилган.
Вилоятда маъмурий жарималар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари сони жами ижро ҳужжатларининг 25,2 фоизини ташкил қилмоқда.
Ўтган 3 ойда бу тоифадаги 10 миллиард сўмлик 20 минг 595 та ижро ҳужжати юзасидан тегишли тадбирлар амалга оширилиб, 3,9 миллиард сўмлик 8 минг 263 тасини (яъни 40 фоизини) амалда ижроси таъминланди.
Жорий йилнинг 1 июлдан Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиб, унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Белгиланган, суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилади ҳамда кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олиниши белгиланди.
Уч ойда алимент ундируви билан боғлиқ 10 минг 446 та ижро ҳужжатидан 971 таси тамомланган.
[gallery-6930]
Фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бош тортиб келаётган 148 нафар қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка оид иш, 18 нафар қарздорга нисбатан эса жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, ушбу даврда Бюронинг вилоят бошқармаси тизимига келиб тушган жами 2 минг 360 та мурожаатнинг салмоқли қисмини, яъни 1 минг 242 та ёки 53 фоизини алимент ундирувлари билан боғлиқ мурожаатлар ташкил қилган.
Ўтган 3 ойда келиб тушган алимент ундирувлари билан боғлиқ 1 минг 242 та мурожаатнинг 800 таси қаноатлантирилиб, алимент олувчиларга қарздорлардан жами 703 миллион сўм маблағлар ундириб берилган.
Бошқарма ва ҳудудий бўлимлар томонидан ҳозирда “Алимент ундируви ойлиги” ўтказилмоқда.
Анжуманда журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА