Мақсад – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши, мустаҳкам иродали, ўз ҳуқуқларини биладиган ва қонунларни ҳурмат қиладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ҳамда ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз муносабатда бўладиган, уларни кундалик ҳаётда қўллай олиши муҳим эканлиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 майдаги “2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ана шундай муносабатларни тизимли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Тошкент вилояти адлия бошқармаси ҳамда Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорликда маҳаллаларда содир этилаётган жиноятларни олдини олишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Унга кўра, олиб бориладиган тарғибот тадбирлари ИИББ томонидан тақдим этилган аниқ рақамлар, ҳудудлар бўйича мавжуд маълумотлар асосида адлия ва ички ишлар ходимидан иборат бўлган штаб аъзолари томонидан ташкил этилди.
Ўтган ҳафта давомида вилоятдаги 387 та “қизил ҳудудлар”дан 48 тасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Оққўрғон туман адлия ва ички ишлар бўлими ҳамкорлигида “Жилғабайли” маҳалла фуқаролар йиғинида жиноятчиликка қарши кураш, жиноятчиликнинг олдини олиш мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди. Унда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари, хотин-қизлар фаоллари, профилактика инспектори ва ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси иштирок этди.
Тадбирда мавзуга оид суҳбат ўтказилиб, маҳаллаларда содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий нигилизм ҳолатларини бартараф қилиш, маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига имтиёз ва моддий ёрдам бериш, нафақа тайинлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам олиш тартиби тўғрисида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Қуйи Чирчиқ туманидаги “Ойдинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган тарғибот тадбирида эса ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотишга алоҳида ёндашиш масалалари муҳокама этилди. Бу каби тадбирларни ҳар бир маҳаллада ўтказиш режалаштирилган.
Мақсадимиз ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишдан иборат бўлиши керак. Шундагина, ҳар бир маҳалла жиноятчиликдан ҳоли бўлган ҳудудга айланади, тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаган бўламиз. Ўтказилаётган бундай тадбирлар маҳаллаларда содир этилаётган жиноятларни камайтириш билан бирга ёшларни турли зарарли иллатлардан асраш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг содир этилишини олдини олишга хизмат қилади.
Ислом Ноёбов,
Тошкент вилояти адлия
бошқармаси бошлиғи ўринбосари
ЎзА