Мақсад – фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш
Андижон вилоятида уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2026-2027 йиллар куз-киш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш ҳамда ёнғин, ис газидан заҳарланиш, ҳаво газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида вилоят Фавқулодда вазиятлар, ички ишлар бошқармалари, газ ва электр таъминоти идоралари, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилиб, амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
- Вилоят Ички ишлар бошқармасида мувофиқлаштирувчи штаб, шунингдек, барча туман ва шаҳарларда тезкор штаблар фаолияти йўлга қўйилди, - дейди Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Жасурбек Каримов. - Ушбу штаблар ишига бошқарманинг барча ходимлари тўла жалб этилди. Бугунги кунда вилоятнинг 880 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги умумий аҳоли турар жойлари 654 минг 593 тани ташкил этади. Шундан ҳовли уйлар 591 минг 796 та, 2 минг 389 та кўп квартирали уйлардаги хонадонлар сони эса 62 минг 597 тадир. Кўп квартирали уйларга 27 та сервис компанияси хизмат кўрсатади.


Жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида фавқулодда вазиятлар бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари ходимлари ҳамда бошқарув компаниялари мутахассислари ҳамкорлигида вилоятдаги 2 минг 389 та, кўп квартирали уйлардан 2 минг 175 таси ёки 91 фоизи ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар натижасида кўп квартирали уйларнинг хонадонлари, чордоқ қисми ва ертўлаларида 107 минг 881 та камчилик ва муаммолар борлиги аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 100 минг 781 та та камчилик бартараф этилиб, бу борадаги ишлар талаб даражасига келтирилди. Қолган камчиликларни ижобий ҳал этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Ишчи гуруҳлар томонидан 9 минг 575 та кўп қаватли уйлардаги хонадонлар “ОП-5” бирламчи ёнғин ўчириш воситаси билан таъминланди, уйларнинг кириш қисмига фавқулодда ҳодисалар – ёнғин, чақнаш, ис газидан заҳарланиш ва ҳоказоларнинг олдини олиш бўйича йўриқномалар жойлаштирилди. Шунингдек, 5 минг 150 та хонадонга газ анализатор, 4 минг 412 та хонадонга тутун аниқловчи сезгичалар, 4 минг 351 та хонадонга ис газини аниқловчи сезгичалар ўрнатилган бўлса, 39 минг 741 та хонадоннинг мўри ва дудбурон тизимлари тозаланди.
Кўп қаватли уйлардаги 5 минг 796 та хонадонда носоз электр розеткасидан, 5 минг 250 та хонадонда носоз резина шлангдан фойдаланишга чек қўйилди. Фуқароларга носоз электр ва газ ускуналаридан фойдаланмаслик бўйича 188 минг дона эслатма, буклет ва флаерлар тарқатилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимлари томонидан куз-қишга тайёргарлик доирасида меҳнат жамоаларида, таълим муассасалари ҳамда аҳоли гавжум бўладиган масканларда мониторинг ва профилактик тадбирлар ўтказилди.


Ўтказилган текшириш ва профилактика тадбирлар давомида корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳамда тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ёнғин ва бошқа фавқулодда кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқарувчи қоидабузарликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш, ис газидан заҳарланиш, ҳаво ва газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотларда, тиббиёт, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, иштирокчиларга ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш юзасидан тушунча ва маълумотлар берилди.

Шунингдек, объект ва иншоотларда фавқулодда вазият ёки ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш тартиби бўйича амалий-тактик машқ ва машғулотлар ўтказилди.
Андижон, Хонобод шаҳри, туманлар марказларига, марказий кўчалар, бозорлар, савдо мажмуалари ҳудудларига куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш тарғиботига бағишланган панно ва плакатлар ўрнатилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.