Мақсад –фуқаролар муҳофазасини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг долзарб муаммолари” мавзуидаги онлайн республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Унда ФВВ Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси ФВВ Қутқарув кучлари ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш хизматини ташкил қилиш бош бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти, Самарқанд бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази ходимлари, профессор-ўқитувчилар, ҳарбийлар ва курсантлар иштирок этди.
Мазкур илмий-амалий анжумандан кўзланган мақсад республикамизда фавқулодда вазиятлар, хусусан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва ёнғинга қарши муҳофазани такомиллаштириш, ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, тажриба алмашиш, ўтказилган муҳокама натижаларини келгусида соҳада кадрлар тайёрлаш тизимининг ўқув жараёнига татбиқ қилиш, шунингдек, бу соҳада самарали илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш билан бир қаторда, республикамизда ёнғин хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка тарғиб қилишдан иборат бўлди.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси ФВВ академияси бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев очиб, соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва фавқулодда вазиятларда фуқаро муҳофазасини такомиллаштириш ҳамда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижалари ва келгусидаги вазифалар хусусида сўз юритди.

Анжуманда сўзга чиққанлар Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар профилактикасини таъминлашнинг долзарб муаммолари, Ўзбекистонда аҳолини ва функсионал хизматларни кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларга тайёрлаш, ўрмон ёнғинларини ўчиришни ташкиллаштириш, шунингдек, аҳоли кўп йиғиладиган масканлар ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммолар хусусида кенг қамровли фикр-мулоҳазалар билдирди.
Якунда иштирокчилар республикамизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги мавжуд муаммолар юзасидан саволларига маърузачилар томонидан атрофлича жавоблар олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА